Александр Хомяков: "Назорат учрашуви "Сўғдиёна"га қарши баҳсга тайёргарлик вазифасини ўтади"
“Нефтчи” – “Андижон” (3:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков қуйидагиларни айтди:
"Дерби ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Бу ўртоқлик эмас, назорат учрашуви эди. Албатта, ўйиндаги айрим камчиликлар хусусида футболчиларимиз билан бафуржа гаплашиб оламиз. Учрашувни кутилган тарзда ўтказдик, десам ҳам бўлаверади. Мана шундай спарринг билан ўйин ўтказилганидан кўнглим тўлганини алоҳида айтишим жоиз. Бундан кейин энди асосий эътиборни “Сўғдиёна”га қарши ўтадиган ўйинга қаратамиз.
Ҳар бир футболчи жамоада ўз ўрнига эга. Ҳар бир ўйинчининг клуб учун аҳамият касб этиши бу инкор этиб бўлмайдиган ҳолатдир. Табиийки, ҳар бир жароҳат сабабли футболчининг номаълум вақтга сафдан чиқиши жамоа ўйинига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Лекин жароҳатлардан ҳеч ким кафолатланмаган. Умид қиламизки, жароҳатланган футболчиларимиз тез орада сафга қайтишади. Уларнинг тезроқ оёққа туришларини ва умумий гуруҳга қўшилган ҳолда машғулотларга қайтишини интиқлик билан кутиб қоламиз.
Назорат учрашуви айнан “Сўғдиёна”га қарши бўлажак баҳсга тайёргарлик вазифасини ўтади. Тайёргарлик кутилган даражада, режа асосида давом этяпти", - дейди Хомяков.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар