Алик Фролов: "Ҳасанбой Дўсматов Василий Ломаченкодан кейинги энг яхши ҳаваскор боксчи"
Россиянинг “Мир бокса” промоутерлик компанияси аста-секин жаҳон профессионал боксида ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Қувонарлиси, ушбу промоутерлик компаниясининг ўзбекистонлик боксчиларга бўлган ишончи юқори даражада. Бунга бир қатор ҳамюртларимиз билан ҳамкорлик қилаётганлиги ҳам мисол бўла олади. Шубҳасиз, ўзбек чарм қўлқоп усталарининг фаолиятида ушбу компания менежерларидан бири Алик Фроловнинг роли муҳим саналади, деб айтсак янглишмаган бўламиз. У ўз ишининг устаси ва ажойиб инсондир.
Биз ушбу мутахассис билан боғланиб, “Мир бокса” таркибидаги ўзбекистонлик боксчилар фаолиятига оид ва бошқа саволлар билан мурожаат қилдик.
Қуйида ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
-Ассалому алайкум. Сиздан Ўзбекистоннинг спортга ихтисослашган сайти Sports.uz учун интервью олиш ниятида эдик?
- Саломлар. Албатта, хеч қандай муаммо йўқ.
- Хурсандмиз. Демак, бошласак бўлади?
- Тайёрман.
- Ўзбекистонлик боксчилар билан ҳамкорлик қилишни бошлаганингиздан кейин сизни яхши менежер сифатида кашф қилдик ва танидик. Лекин бор маълумотимиз шу холос…
- Нима демоқчи бўлганлигингизни тушундим. Биласизми, мен Ўзбекистонда бокснинг ашаддий мухлислари жуда кўпчиликни ташкил қилишини аллақачон ҳис қилдим ва гувоҳ бўлдим. Улар боксни жуда яхши кўрадилар. Ўзларининг спортчиларини кучли тарзда қўллаб-қувватлашади. Ҳаттоки, бизга ҳам ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиқиб, фаолиятимизга омадлар тилаб туришади. Албатта, бундай илиқ муносабатлар бизни хурсанд қилади.
Мен асли Украинанинг Одесса шаҳриданман. Ҳозир АҚШда яшайман ва ишлайман. Профессионал боксга мени Вадим Корнилов олиб кирган. Ҳозир у билан бирга менежментни ривожлантириб, ўзимиздан чиққан ёшларни юқори даражага олиб чиқиш устида иш олиб бормоқдамиз.
-Умуман олганда, ўзбек боксчиларининг менталитети сизда қандай таассурот қолдирмоқда ёхуд қайси характерлари сизни ҳайрон қолдирди?
- Бу борада мен ҳайрон қолдим, деб айта олмайман. Сабаби, бизлар бир-биримизга яқин тарзда тарбия олганмиз. Чунки барчамиз Собиқ Иттифоқ мамлакатлариданмиз. Ҳамма учун жавоб бера олмайманку, бироқ биз билан ҳамкорлик қилаётганларнинг барчаси тарбияли йигитлардир. Улар ўз динини, оиласини ва дўстликни қадрлайди. Биз шартнома тузишдан аввал инсонийлик тарафларини ҳам ўрганамиз. Мулоқот қиламиз ва маъқул келса, шартнома тузамиз.
-Қачондан бошлаб ўзбекистонлик боксчиларига қизиқишинглар ортганди?
- Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, биз жаҳоннинг энг кучли ҳаваскор боксчиларини кузатиб боришга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистонлик боксчиларга қизиқиш Рио Олимпиадасидан сўнг бошланди. Ўшанда ўзбек боксчилари қандай кучга эга эканлигини бутун жаҳонга намоён қила олгандилар. Улар ёш ва маҳоратли боксчилар эди. Шунинг учун қизиқишимиз ортди ва ўз таклифларимизни бера бошладик. 2017 йил яна бир бор ўзларини кўрсатганларидан кейин, биз Шаҳрам Ғиёсов билан боғландик.
- Эҳтимол, биз у қадар маълумотга эга эмасдирмиз. Ўзбекистонлик боксчилардан ташқари Россия ва Украинадан ҳам истиқболли ёшлар билан ҳамкорлик қиласизларми?
- “Мир бокса” бу - Андрей Михайлович Рябинский бошчилигидаги промоутерлик компанияси ҳисобланади. Шунингдек, бизда ишончли ҳамкорлар ҳам мавжуд. Оскар Де Ла Хоянинг “Golden Boy”, Боб Арумнинг “Top Rank”, Эдди Хирннинг “Matchroom” ҳамда Том Брауннинг PBC промоутерлик компанияларини шулар сирасига киритишимиз мумкин. Бизнинг мижозларимиз жаҳоннинг турли промоутерлик компаниялари таркибида фаолият юритади. Биз ҳар бир вакилимиз билан индивидуал тарзда ёндошиб, унга маъқул келадиган промоушенни танлашга ҳаракат қиламиз. Кўплаб промоутерларнинг мижозларимизга қизиқиши юқори ва шундан келиб чиқиб, менежмент жамоаси улар учун энг яхши вариантни танлайди.
- Биламизки, Баҳодир Жалолов Лу Дибелла билан ҳамкорлик қилади. Бироқ, у ҳозир янглишмасам, “Мир бокса” лагерида машғулотлар олиб бормоқда. Эҳтимол, унга оид ҳам режалар бордир?
- Баҳодир Жалолов профессионал боксга ўтганидан сўнг, биз билан ҳамкорликни бошлаган. Бошида, у ўзи хоҳлагани учун бошқа базаларда машғулотлар ўтказиб юрди. “Мир бокса”да ундай лагерь йўқ. Бу база ака-ука Диасларга тегишли. У ерда Жоэль ва Антонио Диас бош мураббий бўлиб фаолият юритади. Баҳодир ҳам уларнинг қўл остида машғулот олиб бормоқда. Қолаверса, Марат Қурбонов бошчилигида Ўзбекистон терма жамоаси ва Димитрий Бивол жамоаси сафида мураббий Геннадий Машьянов билан ҳам шуғулланяпти.
- Ҳасанбой Дўсматовнинг ҳам сизлар билан боғлиқлик жойи борлигини инобатга олсак, эҳтимол, у ҳақида бирор янгилик айта оларсиз?
- Ҳасанбой Дўсматов Василий Ломаченкодан кейинги энг яхши ҳаваскор боксчи… Унинг виза билан боғлиқ муаммолари бор. Бутун дунёда ҳукм сураётган вазиятдан келиб чиқиб, унга жанг ташкил қилишга ҳаракат қиляпмиз. Катта эҳтимол билан, бу воқеа декабрь ойининг сўнгида амалга ошиши мумкин.
- Юқорида таъкидлаб ўтганингиздек, биринчи Шаҳрам билан танишгансизлар ва у сизларга яна бир қатор боксчиларимизни тавсия қилган экан. Жумладан, Иқболжон Холдоровни… Унга бўлган қизиқиш қай даражада?
-Ҳа, Шаҳрам биринчи бўлган, ўша пайтда у ҳаваскор бокс оламидаги энг ёрқин ва энг машҳур исм эди. Шунинг учун барча эътибор унга қаратилганди.
Иқбол юқори даражадаги боксчи ва биз уни жуда қадрлаймиз. У тўғрисида нафақат Шаҳрам, балки Тўлқин Қиличевнинг ҳам ижобий баҳоси ва фикрлари инобатга олинган. Дунёдаги пандемик ҳолат янада яхшиланганидан кейин, биз аввалги режимга қайтамиз ва янги боксчилар билан шартномалар тузишда давом этамиз.
- Барча яхши англаб турибдики, Исроил Мадримов ҳамда Бектемир Мелиқўзиев яқин вақтлар мобайнида энг нуфузли титуллар учун жанг ўтказади. Шаҳрам билан бундай катта жангларни қачон кўришимиз мумкин?
- Бу ерда барчаси кўринганидек осон эмас. Эътибор берсангиз бизнинг мижозларимиз ҳаваскор йўналишда ўзини кўрсатиб, юлдуз даражасига кўтарила олган спортчилар ҳисобланади. Шунинг учун биз улар билан жиддий равишда иш олиб бориб, рейтингда тез суръатларда кўтарилишига ҳаракат қиламиз. Тезлик билан энг кучлилар билан жанг ташкил қилишга интиламиз ва шунинг учун дивизиондаги бошқа истеъдодларга нисбатан бизнинг боксчиларимизда тезроқ титул учун жанг қилиш имконияти ҳосил бўлади. Бироқ бу масалада вазн тоифасидаги ҳолат жуда ҳам муҳим ролни белгилайди. Шаҳрамнинг вазн тоифасидаги вазият бироз жумбоқли, дейишимиз мумкин. Ҳозир у вазндаги икки чемпион 2021 йил камарларни бирлаштирувчи жанг ўтказиши керак. Бизнинг режамизга кўра, даъвогар бўлиши учун Шаҳрамга яна бир жанг керак бўлади.
- Ўзбекистонлик бошқа профессионал боксчиларни ҳам кузатиб борасизларми? Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Азизбек Абдуғофуров, Шоҳжаҳон Эргашев каби рейтингда ҳам юқори ўринларни эгаллаб турган боксчиларимиз бор. Бироқ промоутерлари уларга жиддий жанглар ташкил қилиб беришда оқсаяпти. Мабодо, амалдаги промоутер билан шартномасини бекор қилса, улар билан ҳамкорлик қилган бўлармидинглар?
- Албатта, рейтингдаги кучли боксчиларни кузатиб борамиз. Рейтинг ҳақидаги тасаввурга эга бўлиш учун ҳам бу ишларни амалга оширамиз. Аммо уларнинг промоутерлари билан бўлаётган вазиятларига қизиқмаймиз. Биз шунчаки, кучли боксчиларни кузатиб боришдан завқ оламиз. Яна бир маротаба таъкидлаб ўтаман: боксдаги вазиятлар кўринганидан анча қийин.
- Муроджон Аҳмадалиевнинг ҳимоя жанги Ўзбекистонда ўтказилиши борасида гап-сўзлар бўляпти?
- Ҳозирча, бу аниқ эмас. Барибир биринчи навбатдаги вариант АҚШ бўлиб турибди. Бироқ биз Муроджоннинг ҳимоя жангини Ўзбекистонда ўтказишни мақсад қилганмиз. Бу Ўзбекистон учун жуда катта воқелик бўларди.Тарихда биринчи бор жаҳон чемпионлик камарининг ҳимоя жанги ўтказилиши ва яна бир қатор жаҳон даражасидаги боксчилар Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкин. Бутунжаҳон бўйлаб трансляциялар амалга оширилиши баробарида ўзбекистонлик мухлислар учун ҳам бу ажойиб ҳодиса бўларди. Ўйлайманки, яқин вақтлар мобайнида юртингиз боксчиларининг кўпчилиги машҳурликка эришади ва ундан кейин, Ўзбекистон ўзига хос профессионал бокс мамлакатига ҳам айланади. Табиийки, ўшанда катта бокс кечаларини тез-тез ўтказиш имконияти ҳам пайдо бўлади. Насиб қилса, Ўзбекистонга бориш ниятимиз бор. Муроджон Аҳмадалиевнинг ҳимоя жангини юртингизда ўтказиш имконини қўлга киритсак жуда ажойиб иш бўларди.
- Биз учун вақт ажратганингиздан миннатдормиз ва ўз ўрнида Ўзбекистонга келганингизда сиз билан яна батафсил суҳбат қурамиз, деган умиддамиз!
- Эътибор учун раҳмат. Албатта, бундан хурсанд бўламан!
Фикрлар