Алишер Никимбаев: Билишимча, Ўзбекистон клублари орасида июндан бери фақат бир марта тест топширганлари бор экан. Демак, тизимда нимадир нотўғри
Ўзбекистонда футбол ўйинларини тўхтатиш ёки давом эттириш кераклиги борасида баҳс-мунозаралар давом этмоқда.
Бугун сайтимизда биринчилардан бўлиб ўз позициямизни билдиргандик. Энди эса мутахассисларнинг бу борадаги фикрларини тақдим этиб бормоқдамиз. Бироз аввал журналист ва шарҳловчи Бобур Акмаловнинг фикрларини ҳавола қилгандик.
Энди эса Қатар футболида фаолият юритаётган ҳамюртимиз Алишер Никимбаевга юзландик. Унинг қарашлари қандайлигини қуйида ўқишингиз мумкин.
- Футболни тўхтатиш ёки давом эттириш борасида жавоб бера олмайман. Чунки бунга биринчи навбатда Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ПФЛнинг протоколларини, унда аслида нималар ёзилганини кўриш керак. Лекин билишимча, ҳужжатлар оммага тақдим этилмаган, фақат клубларнинг ўзларида бор. Шунинг учун баҳо бериш жуда қийин. Лекин “Бухоро”да 8, “Пахтакор”да 5 футболчида вирус аниқланди. Билишимча, клублар орасида июндан бери бир ярим ойда фақат бир марта тест топширганлари бор экан. Демак, тизимда нимадир нотўғри бўлмоқда. Шунинг учун ҳозир тизимни жойига қўйиш, халқаро тажрибани ўрганиш керак. Бироқ масалан, Германияни тажрибаси бизнинг соғлиқни сақлаш вазирлиги протоколига тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Шу боис ССВ, ЎФА, ПФЛ биргаликда буни ҳал қилиши даркор. Вазият оддий эмас, қарор чиқариш жуда қийин бўлиши мумкин.
Қатар клублари, учрашувларга масъуллар июндан бошлаб шу кунгача 4-5 марталаб тест топширди. Чемпионат ҳали бошланмади. Олий лига 24 июль, биринчи лига 4 августдан қайтадан старт олади. Ҳар беллашувдан кейин ўйинчилар тест топширади. Демак, камида 3 ой давомида футболчилар 9-10 марта тест топширади, яъни чемпионат 22 августда тугайди (28 августда плей-офф учрашуви бор). Буни вазирлик билан рўйхат қилиб, навбати билан амалга оширилмоқда. Худди шу масалани Ўзбекистон ССВ ҳал этиши лозим.
Мен Ўзбекистонда футбол ўйинларини вақтинча тўхтатилиши тарафдориман. Сизчи?
Ўзбекистонда футбол ўйинларини тўхтатиш керакми ёки давом эттириш? – Бобур Акмаловдан жавоб
Кимдир Қатарни Ўзбекистон билан солиштирмаслиги керак, дейиши мумкин. Лекин Қатар аҳолиси 3 миллионга ҳам бормайди (икки миллион саккиз юз минг). Кеча Қатарда 300га яқин вирус юқтирган одамлар қайд этилди. Фоизда ҳисобланганда Ўзбекистонда вазият Қатарга қараганда яхшироқ. Қатарда бугунги кунга келиб инфекция юқтирганлар 100 мингдан ошди. Лекин буни солиштирсак, 3 миллионга етмаган аҳоли учун 100 минг жуда катта рақам. Аҳолининг 4 фоизи коронавирусга чалинган. Тузалганлар статистикаси ижобий – 97 фоиз! Бу осонликча шундай кўрсаткичга келмади. Қатарда бу вирус бир пайтлар 3 миллионлик аҳоли орасида кунига 2 минг одам касалланганди. Мана ҳозир рақамлар пасайди.
Қатарда кунига 5 минг одам тест топширмоқда. Демак, футболчилар сони масалан ҳар битта клубда 25 тадан бўлса, 12 жамоадан бир-икки кунда 400-500 тест олинмоқда. Кунига 5 минг тест олинаётган пайтда футболчиларга ҳам кунига 200-300тасини бериш осон эмас. Лекин барибир бу иш қилинмоқда. Шуни инобатга олиш даркор.
Қатар чепионатида 12 жамоа қатнашмоқда. Биринчи лигада 8 жамоа бор эди. Бироқ ўша 8 жамоанинг барчаси охирги 5 турда қатнашаётгани йўқ. Чунки лигада 5 та профессионал, 3 та ҳаваскор жамоа бор. Профларни назорат қилиш жуда осон. Чунки улар фақат футбол билан шуғулланади, уйдан машғулотларга бориши, базада, меҳмонхонада туриши мумкин. Лекин ҳаваскорлар кундузи ишлайди, кечқурун футбол ўйнайди. Шунинг учун бундай вазиятда таваккал қилмасдан, ҳаваскор жамоаларни охирги 5 та турга қўймаяпмиз. Биринчи лигада фақат профессионал клублар қатнашади. Сабаби масалан, ҳозир битта ҳаваскор клуб 2-ўринда бормоқда. У жамоа шу поғонани эгалласа ҳам Олий лигага чиқиш имконияти йўқ. Ўзи 2-ўринни олган жамоа плей-оффда иштирок этиши лозим. Аммо уларда бунга ҳам ҳуқуқ йўқ.
Шу боис ҳаваскорлар бу мавсум ўйинларда қатнаша олмайди. Бу футболчиларнинг вирус юқтириб олиши мумкинлигини ўйлаб шундай қарорга келинди, - деди Алишер Никимбаев.
Бироз аввал ПФЛ 10-турнинг барча ўйинлари қолдирилганини эълон қилди. Бунга сабаб жамоаларда аниқланаётган коронавирус дея изоҳланди. Ташкилот клублардагиларни жиддий тарзда огоҳлантирди. Про лига баҳслари ҳам августга қадар тўхтатилди.
Фикрлар