Алишер Никимбаев нега “Қизилқум” – “Пахтакор” учрашувини марказий ўйин дея эътироф этганди?
Бугун SPORTS.uz сайтида янги лойиҳанинг иккинчи сони тақдим этилмоқда. Унда Қатарда фаолият юритаётган ҳамюртимиз, кўпчилик яхши танийдиган мутахассис Алишер Никимбаев билан Суперлигада турнинг марказий ўйини таҳлил қилинди.
Лойиҳанинг иккинчи сонида “Қизилқум” – “Пахтакор” учрашувига эътибор қаратилди. Унда Алишер Никимбаев қуйидагиларни баён этди.
- Нима учун “Қизилқум” – “Пахтакор” учрашувини турдан аввал марказий ўйин дея танлагандим? Сабаби, навоийликлар иккинчи давранинг илк баҳсида сафарда “Навбаҳор”ни мағлуб этишди. Давралар оралиғида таркибда катта ўзгаришлар бўлди. Жамоа сафидаги кўп футболчилар ва легионерлар бошқа клубга ўтишди. Ўз навбатида, Ҳамиджон Актамов уларнинг ўрнига кўплаб футболчиларни олиб келди. Хориждан ҳам. Шунинг учун “Қизилқум”нинг тошкентликларга қарши баҳсини эътибор жиҳатдан танлаган эдим. Лекин бу беллашувдан аввалги фикрлар эди. Навоийдаги учрашув марказий ўйинга мос келмайдиган даражада ўтди. Чунки 20-дақиқагача “шерлар” ютаётганди ва охиригача пойтахтликлар ташаббусни беришмади.
Агар “Қизилқум” 4-4-2 тактикасида ҳаракатни бошлаган бўлса, ҳимояланаётган пайтда 6-4-0 кўринишига келди. “Пахтакор” эса ҳужумда ҳам ҳимояда ҳам 4-2-3-1 схемасида ўйнади. Бу тактика билан меҳмонлар бемалол мезбонлардан устун келишди. Шота Арвеладзе шогирдлари ҳимояни жуда юқори даражага олиб чиққанди. Майдон эгаларида эса аксинча, уларнинг ҳимоячилари дарвозабонга яқин жойлашганди. Бу “шерлар”га қўл келди. Чунки “Пахтакор” тўпни кўп назорат қиладиган жамоа ва улар ҳар доим 2-3 та тўп ошириши орқали ҳужум ташкил этишарди. Бу сафар ҳам шунинг гувоҳига айландик. “Қизилқум” асосан узун пас билан ёки футболчиларнинг индивидуал ҳаракати орқали ҳужум қиларди.
Мезбонлар 40-дақиқага келиб биринчи ҳавфли вазият яратишди. Шунда ҳам бурчак зарбаси орқали. Биринчи тайм охирида яна 2 та имконият бўлди. Жарима майдонига кирмасдан тўпни тепишди. Бунда ҳам футболчиларнинг техникаси орқали юзага келганини айтиш мумкин.
Умуман олганда, “Қизилқум”нинг марказий ҳимоясида кўпгина хатолар бор эди. Шунинг учун бир-бирига ўхшаган учинчи ва бешинчи голлар урилди. Марказий ҳимоячиларнинг савияси пастлиги учун ҳисоб шу кўринишга келди. Учинчи гол урилаётганда қарасак, ўзи 4 футболчи билан ҳимояланадиган жамоа нимагадир марказда битта ўйинчи бўп қолди ва Игорь Сергеев жарима майдонига кириб, бемалол гол урди. Иккила вазият ўхшаш, яъни 3, 5-гол. Биринчи ва иккинчи голларни ҳам шундай дейиш мумкин. Иккаласи ҳам бурчак зарбасидан сўнг тўп тўрга кирди. Шунда “Пахтакор” қанақадир комбинация уюштирди. Битта тўп оширилишидан гол урилмади. Учинчи ҳаракатдан кейин дарвоза ишғол этилди. Шу боис “шерлар” ҳар томонлама “Қизилқум”дан устун келишди. Тактик, индивидуал ва энг асосийси ҳимояда ташкил этилган ўйинда ҳам, - деди Алишер Никимбаев.
Биринчи сон - Суперлигада турнинг марказий ўйини таҳлили. Диққат марказимизда “Сурхон” – “Насаф” тўқнашуви
Фикрлар