Алонсо: “Челси”, хафа бўлма, бошқа зўр вариант чиқиб қолди
Испаниялик мутахассис Хаби Алонсо “Челси”дан бўлган таклифни қабул қилишга шошилмаяпти, чунки у “Ливерпуль” чорловини кутмоқда.
Бу ҳақда Sport нашри хабар берди.
Аввалроқ, “Челси” Алонсони жамоа бош мураббийлигига таклиф қилишни асосий вариант сифатида кўраётгани айтилганди.
Манба маълумотига кўра, Алонсо футболчи сифатида беш мавсум ўтказган “Ливерпуль”да бўш иш ўрни пайдо бўлиш-бўлмаслигини кутишни афзал кўрмоқда.
Ҳозирги “Ливерпуль” бош мураббийи Арне Слотнинг келажаги сўроқ остида қолмоқда. Мерсисайд клуби раҳбарлари сабр қилишга тайёр бўлса-да, мухлислар мутахассисдан норозилигини очиқ билдирмоқда.
Манбанинг таъкидлашича, агар Алонсо “Ливерпуль” ҳақида ўйламаганида, у аллақачон “Челси”да иш бошлаган бўларди. Аммо Лондон клуби кутишни истамаяпти ва янги мураббийни жаҳон чемпионати бошланишидан олдин тайинлашга умид қилмоқда.
Агар Алонсо иккиланишда давом этса, “Челси” муқобил вариантларга мурожаат қилишга тайёр. Уларнинг орасида Андони Ираола (“Борнмут”), Оливер Гласнер (“Кристал Пэлас”), Филипе Луис (“Фламенго” собиқ мураббийи) ва Марку Силва (“Фулхэм”) бор.
“Ливерпуль” эса ўз навбатида Хаби Алонсо бўйича иккиланмоқда ва тўрт кун аввал “Реал”дан мураббий ва унинг иш услуби, талаблари ҳақида маълумот сўраган.

Фикрлар