
Аморим жароҳатдаги футболчиларнинг қачон сафга қайтишини айтди
"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Рубен Аморим "Арсенал"га қарши ҳафта охиридаги учрашув олдидан Харри Магуайр ва Мануель Угартенинг ҳолати ноаниқлигини айтди.
Хабарингиз бор, улар жароҳат сабабли Европа лигаси плей-офф босқичида "Реал Сосьедад" қарши дуранг қайд этилган беллашувда ҳам иштирок эта олишмаган эди. Мазкур баҳсдан сўнг португалиялик мураббий кўплаб жароҳатдаги футболчиларнинг ҳолати ҳақида гапириб ўтди.
"Якшанбага бардош беришимиз керак. Жамоа "Сосьедад"га қарши ўйиннинг сўнгги 30 дақиқасида жуда чарчади. Дастлаб, якшанба кунги ўйинга тайёргарлик кўришимиз, кейин эса биз учун муҳим бўлган кейинги ўйинни ўйлашимиз керак. Ҳозирча Магуайр ва Угартенинг ҳолати ҳақида аниқ бир нарса дея олмайман. Бироқ, улар тез орада сафга қайтишади.
Мураббий мавсум охиригача жамоа сафида бир нечта жароҳатланган футболчилар қайтиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди:
"Фикримча, фақат Амад Диалло мавсум охиригача сафга қайтмайди. Ҳатто, Амад борасида ҳам мавсумнинг сўнгги ойида бир имконият бўлиши мумкин. Уни аввалроқ қайтаришдан умидим бор, лекин вазиятни кўрамиз.
Кобби Майну мавсум тугашидан олдин қайтиши мумкин. Бундан ташқари, Магуайр билан эҳтиёт бўлишимиз керак. Угарте эса тез орада яна сафимизга қайтади. Шунингдек, Мэйсон Маунт ва Люк Шоунинг ҳам қайтиши эҳтимоли бор" - деди "қизил иблислар" бош мураббийи.
Маълумот ўрнида, МЮ навбатдаги учрашувини эртага Артета бошчилигидаги "Арсенал"га қарши ўтказади. Ушбу тўқнашув Тошкент вақти билан 21:30 да старт олиши режалаштирилган.
Комментарии