Ана холос! Мареска Ҳусановга кучли рақобатчи олиб келади
“Манчестер Сити”да жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Жамоани 2016 йилдан бери бошқариб келган Хосеп Гвардиола жорий чемпионат якунланиши билан лавозимини тарк этадиган бўлди.
Нуфузли манбалар испаниялик мутахассис ўрнини унинг шогирдларидан бўлган Энцо Мареска бошқаришини таъкидлаяпти. Таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, Мареска “шаҳарликлар” билан узоқ муддатли меҳнат шартномасини имзолаш бўйича келишувга эришган. Бу муддат камида уч йилни ташкил қилиши айтилмоқда.
Хосеп Гвардиола охирги бир ярим йилда жамоа таркибида жиддий ўзгаришлар қилди. 2025 йилнинг 20 январида жамоага “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусановнинг олиб келиниши “Манчестер Сити” авлодлар алмашинуви даврини бошлаб берди.
Охирги учта трансфер ойнаси даврида таркиб жиддий тарзда янгиланди. Ўндан зиёд футболчилар келди. Абдуқодир Ҳусанов, Жанлуижи Доннарумма, Райан Шерки, Марк Гехи, Антуан Семеньо каби маҳоратли ўйинчилари жамоада асосий фигураларга айлана олди.
Энди нуфузли манбалар жамоани қабул қилиб олишга тайёргарлик кўраётган Энцо Мареска ҳам янги шаклланган таркибни ўзига мослаштиришини таъкидламоқда. Охирги маълумотларга кўра, италиялик мутахассис ўзи “Челси”да бирга ишлаган бир неча футболчилар трансферини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Хусусан, Гвардиола қўл остида ҳимоя марказида шаклланган янги тандем – Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехи ёнига “Челси”да Энцо Мареска ишончини оқлаган Леви Колуилл олиб келинади. 23 ёшли футболчи клуб тарбияланувчиси ҳисобланади ва “Хаддерсфилд” ҳамда “Брайтон”да тажриба оширганидан кейин 2023 йилдан бери “Челси” асосий таркибида мунтазам ўйнаб келмоқда.
Бу футболчининг келиши “шаҳарликлар” ҳимоя чизиғида ўзи шундоқ ҳам кучли бўлган рақобатни янада оширади.
Энцо Мареска Манчестерга олиб келадиган яна бир асосий номзодлардан бири сифатида ярим ҳимоячи Энцо Фернандес тилга олинмоқда. Аргентиналик футболчи “Челси” етакчиларидан бири ҳисобланади ва кучлироқ клубга ўтиш илинжида юрибди.
Шунингдек, эҳтимолий трансфер нишонлари қаторига Европа грандлари орасида талаш бўлаётган бразилиялик ҳужумчи Жоао Педро ва “Сити” тарбиялаган, лекин “Челси”да порлаган ярим ҳимоячи Коул Палмер ҳам бор.
Юқорида номи келтирилган футболчилар Энцо Мареска кўзлаётган трансферларнинг бир қисми холос. Ҳар қандай мураббий каби италиялик мутахассис ҳам таркибда унинг ғояларини яхши англайдиган ва майдонда қўллай оладиган ижрочиларга эга бўлишни истайди.
Хуллас, ёзги трансферлар ойнаси “Манчестер Сити” учун жуда қизғин бўлиши ва кутилмаган янгиликларга бой бўлишини ҳозирдан тахмин қилиш мумкин.
Ҳусанов “Сити”ни голдан қутқарса бўларди!? Абдуқодирнинг ўйини қандай баҳоланди?
Ҳусановдан ташқари яна бир ўзбек футболчиси Европа Чемпионлар лигасида қатнашади
“ЖЧ-2026”: Ўзбекистон гуруҳида тарихий рекорд қайд этилади
Ҳусанов йил футболчиси бўлиш имконияти қандай баҳоланмоқда?
Ҳусанов Рамазонда мени ҳайратга солган!
“Сити”ни биринчи ўринга кўтаришга ҳисса қўшган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?

Фикрлар