Ана холос! Нидерландия терма жамоасининг собиқ футболчиси 6 йилга қамалди
Москванинг "Спартак" клуби ҳужумкор ярим ҳимоячиси Квинси Промес 1370 кг кокаин контрабандасида айбдор деб топилди. Нидерландия суди уни сиртдан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
2020 йилда Промес Антверпен порти орқали кокаиннинг иккита партиясини ташишни ташкиллаштирган. Ушбу юклар ўғирланган ва наркобарон Пит Вортелга тегишли бўлиши мумкин. Ушбу товарларнинг ўғирланиши туфайли иккита қотиллик содир бўлган (32 ёшли собиқ футболчи Келвин Майнард ва 23 ёшли Генсиел Феллер).
Ўтказилган тергов жараёнларида футболчи гиёҳванд моддаларни контрабанда йўллари орқали олиб ўтишга кўмаклашган жиноятчиларга 200 минг евро бергани аниқланган. Промеснинг адвокатлари футболчи тез орада апелляция беришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Квинси Промес фаолияти давомида "Спартак"дан ташқари "Севилья" ва "Аякс" каби клубларда тўп сурган. 2014-2021 йилларда эса Нидерландия терма жамоаси сафида жами 50 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 7 та гол ёздириб қўйишга эришган. У жорий мавсум "Спартак" таркибида РПЛда жами 17 та ўйинда майдонга тушиб, рақиб дарвозасига 6 та гол урган.
Фикрлар