Ана холос: “Рома”ни Шомуродовни яхши кўрадиган мураббий бошқариши мумкин!
Жорий мавсумда юқори ўринлар, хусусан, келаси мавсум учун Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи кучли тўртликка кириш вазифаси юклатилган “Рома” чемпионатни жуда бўш бошлади.
Клубга эгалик қилувчи Фридкинлар оиласи Рим мухлисларининг ҳурматига сазовор бўлиш учун ўз жамоасини Чемпионлар лигасига олиб чиқишни анчадан бери орзу қилади. Бу йўлда икки машҳур португалиялик мураббийлар – Пауло Фонсека ва Жозе Моуриньо ҳам олиб келинди. Бироқ улар ҳам бу вазифани уддалай олмади.
“Рома” 2024 йил бошида шов-шувли тарзда Моуриньонини истеъфога чиқариб, ўрнига футболчилик даврида “Рома” ёқимтойи бўлган ва айни пайтда мураббийлик қилаётган Даниэле де Россини таклиф қилди.
Моуриньодан қолган жамоа ўйинида ижобий ўзгариш қила олган 41 ёшли мутахассисга катта умид боғланди. Лекин янги мавсумда жамоа дастлабки тўртта учрашувдан бирортасида ғалаба қозона олмаганидан кейин “Рома”га катта ютуқларни қўлга киритишда тажрибали бўлган бошқа бош мураббий кераклиги ҳақида гап-сўзлар тарқади.
“Рома” фаолиятини мунтазам ёритиб келаётган нуфузли манба – romaforever.it бу масалани ўрганиб чиқди ва ҳозирча, жамоани бошқаришга иккита жиддий номзод борлигини таъкидламоқда.
“Ювентус” билан алоқани узган Массимилиано Аллегри ҳозир ишсиз юрибди. “Милан” ва “Ювентус”даги фаолияти давомида ғолиб-мураббий номини олган италиялик мутахассис ҳар қандай жамоани кучайтира олади.
Бироқ Аллегрининг характери оғир. У жуда қизиққон мураббий. “Рома” сингари мураккаб муҳитга эга клубда ишлаб кета олмаслик эҳтимоли катта. Клубга эгалик қилувчи Дэн ва Райан Фридкинлар буни яхши билади. Шу боис, улар охириги нуқтагача бошқа мураббийни маъқул кўриши айтилмоқда.
Манбага кўра, “Рома”га энг мос мураббий бу асли римлик бўлган Клаудио Раньери. Бу мутахассис ўтган мавсум Элдор Шомуродов ёрдамида “Кальяри”ни юқори дивизионда олиб қолганидан кейин клублар миқёсидаги мураббийлик фаолиятини якунлаганини эълон қилган.
Лекин Раньери терма жамоадан таклиф бўлса, мураббийлик курсисига қайтишга қарши эмас. Албатта, “Рома” терма жамоа эмас.
Бироқ “Рома” раҳбарияти ва мухлислари Раньерининг клубга бўлган меҳри ва эътибори туфайли уни жамоани қабул қилиб олишидан умидвор.
Қолаверса, Клаудио Раньери “Агар “Рома”дан қўнғироқ бўлса, мен “ҳа” дейишим керак”, деганини ҳали ҳеч ким унутгани йўқ. Энди пойтахт “бўрилари”га ҳурмати баланд мураббийнинг ёрдами керак бўляпти.
Шу ўринда, Клаудио Раньери Элдор Шомуродовни қадрлайдиган мураббийлардан эканини айтиш жоиз. Бу мутахассис “Кальяри”ни бошқарган пайтда ўз интервьюларида жамоада ўйнаган Элдор Шомуродовнинг меҳнаткашлиги, тезкорлиги, чаққонлиги, ўз устида тинимсиз ишлаши, юқори даражада ўйнай олишини ва мақсад сари кураша оладиган мана шундай ўйинчини қадрлашини кўп бора таъкидлаган.
Энди воқеалар ривожини кузатимиз...
Фикрлар