Анчелотти: "Барселона" ўз услубига эга жамоа, буни ҳурмат қиламан. Аммо битта услуб билан футбол ўйнашни тўғри йўл, деб ҳисобламайман"
Испания Ла Лигаси 9-тури доирасида "Реал" ва "Барселона" жамоалари бугун Мадридда ўзаро тўқнаш келади. Беллашув 19:15 да старт олади.
Мазкур баҳс олдидан мезбонлар бош мураббийи Карло Анчелотти матубот анжуманида иштирок этди ва ўйин олди ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Биз баҳснинг аҳамиятини яхши ҳис қилиб турибмиз. Бу ердаги асабийлик ва босим бўлиши одатий ҳол. Йигитлар олдимиздаги рақибни жуда яхши билишади.
Ўтган йилги йирик мағлубиятимиз (0:4) бугунги беллашувга таъсир ўтказади, деб ўйламайман. Янги мавсум бошланди. Эскисини унутиш лозим!
"Барселона"нинг ЕЧЛдаги муваффақиятсизлиги ҳақида.
"Рақибимиз Ла Лигада жуда ажойиб ҳаракат қилмоқда. Битта дурангни ҳисобга олмасак, улар барча учрашувларда ғалаба қозонди. Улар фақат ЕЧЛда муаммоларга дуч келмоқда. Ушбу мусобақада эса муаммолар бўлиши табиий.
Ўйлашимча, биз "Интер"дан фарқли футбол намойиш этамиз. "Нерадзуррилар" - қўрқмас ва охиригача курашадиган клуб. "Барса"нинг миланликлар билан ўйини бугунга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди. ЕЧЛдаги тўқнашувдан ўзгача учрашув бўлиши аниқ".
"Реал" ва "Барселона"нинг ўйин услуби ҳақида.
"Барселона" ўз услубига эга жамоа. Буни ҳурмат қиламан. Бошқа клубларда ўзгача усул бўлиши мумкин. Аммо каталонияликлар мазкур услуби билан улар муваффақиятга эришиб келмоқда.
Мен битта услуб билан футбол ўйнашни тўғри йўл, деб ҳисобламайман. Сабаби, футболчилар доим ўзгариб туради. Мен шогирдларимга ўзи истаган ўйинини намойиш этиши учун шароит яратиб беришим керак. Мураббийнинг асосий вазифаси шундан иборат.
Тўғри, ўтган йили нималарнидир яратишга уриниб кўрдим ва катта йўқотишларга дуч келдик. Футбол ихтиролардан иборат эмас. Ўйин анча олдин яратилганини унутмаслигимиз керак, деб ўйлайман".
Куртуа ва Рюдигернинг жароҳати ҳақида.
"Куртуа машғулотларга қайтган. Аммо у яхши тайёргарлик кўришга улгурмади. Асосийси, Тибо сафга қайтди. Шунчаки, у аввалги даражасига қайтиб олиши учун машғулотларда кўпроқ ишлаши лозим.
Рюдигер ҳам яхши ҳолатда. Унинг ярасини фақат ниқоб орқали тўсиб туришибди. Аммо мен Антонионинг ҳақиқий "жангчи" эканига шубҳам йўқ. У бу жараённи ҳам енгиб ўта олади".
Устун томонлар ҳақида.
"Икки жамоанинг ўзига яраша устун жиҳатлари мавжуд. Масалан, рақиб биринчи таймларни яхши бошлайди. Биз эса иккинчи бўлимларни ажойиб якунлаймиз (кулади). Бугун нима бўлишини олдиндан айта олмайман. Бироқ уларнинг кучли томонлари ҳақида етарлича маълумотга эгамиз".
Родригонинг аҳамияти ҳақида.
"Родриго борасида ўйлашни бошласам, биринчи бўлиб унинг ёрқин келажаги кўз олдимга келади. У жорий мавсум кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Тан олиш керак, футболчи анча ўсишга эришди. У ҳозир олдинги чизиқнинг ҳар нуқтасида ҳаракат қила олади. Родригонинг асосий устунлига ҳам шунда".
Бенземанинг сафга қайтгани ҳақида.
"Карим яхшиланиб бормоқда. Биз бугун ҳар доимгидек Бенземани кўрамиз, яъни, хавфли ва ақлли ҳужум чизиғи вакилини", - деди италиялик мутахассис.
Шоҳрух Зоиров таржимаси.
Фикрлар