Расман! Ўзбекистон жаҳон чемпионати иштирокчиси билан ўйин ўтказади
Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича яна бир халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказади. Бу сафар рақиб сифатида Эрон терма жамоаси майдонга тушади, деб Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув 2026 йил 24 сентябрь куни Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтади.
Италиялик мутахассис Фабио Каннаваро бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистонида ўтадиган 2027 йилги Осиё кубогига тайёргарликни давом эттирмоқда. Ушбу беллашувдан ташқари, ўзбекистонликлар 6 октябрь куни Жанубий Корея терма жамоасига қарши яна бир ўртоқлик ўйини ўтказишни режалаштирган.
Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари сўнгги бор 2025 йил ноябрида БААда ўтказилган мусобақада тўқнаш келган эди. Ўйиннинг асосий вақти 0:0 ҳисобида якунланган, пенальтилар сериясида эса Ўзбекистон 4:3 ҳисобида зафар қучган.
Шу билан бирга, ўзбекистонликлар «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдукодир Ҳусанов майдондан четлатилганидан сўнг учрашувни кам сонда якунлашга мажбур бўлишган.
2026 йилги жаҳон чемпионатида АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилган мусобақада Эрон G гуруҳида тўп сурди. Ушбу жамоа Янги Зеландия (2:2), Бельгия (0:0) ва Миср (1:1) термалари билан дуранг ўйнаб, учта учрашувда уч очко тўплади ва гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига чиқа олмади.
Ўзбекистон эса ўз гуруҳи K да сўнгги — тўртинчи ўринни эгаллади. Терма жамоа Колумбия (1:3), Португалия (0:5) ва Конго Демократик Республикаси (1:3) футболчиларига қарши ўйинларда мағлубиятга учради.

Фикрлар