
Анчелотти ҳаётини суғурталашни талаб қилди
“Реал”дан кетиши кутилаётган Карло Анчелотти мураббий фаолиятини Бразилия терма жамоасида давом эттириш эҳтимоли ошиб бормоқда.
Бразилиянинг Folha de S.Paulo портали маълумотларига қараганда, ушбу мамлакат футбол конфедерацияси ҳамон италиялик мутахассис билан алоқани ушлаб турибди ва дастлабки оғзаки келишувга эришган.
Манбанинг ёзишича, томонлар 65 ёшли мураббийга рекорд даражада маош бериш масаласини муҳокама қиляпти. Унга кўра, Карло Анчелотти Бразилия терма жамоасини бошқаришга кўнса, халқаро миқёсда ишлаётган бош мураббийлар орасида энг кўп – 9 миллион евро маош олади. Агар Анчелотти терма жамоани 2026 йилги жаҳон чемпионатининг ярим финалига олиб чиқса, унинг йиллик маоши 11 миллион еврога оширилади.
Бу таклиф Анчелоттини қизиқтириб қўйган. Италиялик мутахассис Бразилия томонидан яшаши учун барча қулайликларга эга уйни ижарага олиш ва ўзининг ҳаётини суғурталашни ҳам сўраган.
Манбага кўра, Бразилиядаги криминал вазиятни инобатга олиб, Анчелоттининг суғурта бўйича талаби ҳамкорликнинг энг муҳим масаласи ҳисобланади.
Фикрлар