Ads

Аввал хабар берганимиздек, 7 август, душанба куни “Андижон” жамоаси давралар оралиғида ўз сафига қўшиб олган янги футболчиларини кенг оммага таништирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Усмон Тошев бошқарувидаги “бургутлар” давралар оралиғида 10 нафар янги футболчилар билан шартнома тузди. Бу йил ўз олдига элитага қайтишни асосий мақсадлардан бири сифатида қўйган андижонликлар шунга монанд олий лига ҳавосидан баҳраманд бўлган тажрибали ўйинчиларни жамоага таклиф этди.

Бугун улар кенг оммага расман “Андижон” аъзоси дея таништириб ўтилди. Андижон шаҳридаги “Вилоят касаба уюшмаси”нинг мажлислар залида ўтган тадбирга оммавий ахборот воситаларидан ташқари жамоанинг бир қатор ашаддий ишқибозлари ҳам ташриф буюрди. Дастлаб тақдимот маросимида сўз, “Вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси” раиси Озодбек Саидовга берилди.

"Хабарингиз бор, давралар оралиғида “Андижон” жамоамизни ўйинини янада кучайтириш ва натижаларини яхшилаб, олий лигага чиқиш мақсадида таркибда эътиборга молик ўзгаришларга қўл урилди. Бош мураббий Усмон Тошев ва раҳбарият биргаликда жамоа сафига малакали ва шу билан бирга келажаги порлоқ дея эътироф этилаётган футболчиларни таклиф этди. Иккинчи даврада энди ҳамма ўйинда ижобий натижа кутиб қоламиз. Мақсад битта – олий лигага чиқиш. Умид қиламизки, бу йўлда бош мураббий бор маҳоратини ишга солади ва футболчилар ҳам кўнгилдагидек ўйин намойиш этиб, ўзларига билдрилган ишончни оқлайди, – дейди Озодбек Маҳамаджонович.

Шунингдек тадбир давомида жамоа бош мураббийи Усмон Тошев ҳам фикрларини билдириб ўтиб, асосий эътиборни олий лигага чиқишга қаратилишини билдирди. Бу йўлда барча бир бўлиб, жисплашиши муҳимлигини ҳам аълоҳида таъкидлади. 

Мухлислар ҳам сўз олиб иккинчи давра олдидан жамоага омад ва зафарлар ёр бўлишини билдириб, ўзларини қизиқтирган айрим саволлар билан мурожаат қилди. 

Тадбир сўнггида одатга кўра, янги футболчиларнинг қайси рақамли либосда харакат қилиши эълон қилиниб, эсталик учун суръатга тушилди.

Элдор Исабоев – 1 рақам
Акмал Ортиқов – 87
Акмал Холматов - 8

Собир Ҳамидов – 11
Ҳамза Каримов – 14
Равшан Асланов – 15
Фурқат Ҳасанбоев - 23
Рафик Каримов - 24
Сирож Ҳамроев - 27
Фирдавс Асадов – 77.