Ads

Айни дамда ўқув-йиғин машғулотларини Тошкентда олиб бораётган “Андижон” ўз таркибини кучайтириш мақсадида бир қатор футболчилар билан келишувга эришди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Жумладан, охирги икки йилни “Бухоро” сафида ўтказган Акмал Турсунбоев “Андижон” йиғинига келиб қўшилди. Иқтидорди дарвозабон 2016 йилги мавсумда ҳам “бургутлар” шарафини ҳимоя қилганди. Шундай экан маълум муддатлик танаффусдан Турсунбоев яна “Андижон”га қайтди.

Мудофаа чизиғини кучайтириш мақсадида “Металлург” билан хайрлашган Аброр Хусинов таклиф этилди. Чап қанот ҳимояси ва марказий ҳимояда бирдек ўйнай оладиган футболчи, куни-кеча “Андижон” билан расман келишувга эришиб, янги мавсумни “бургутлар” сафида ўтказадиган бўлди.

Ундан аввалроқ яна бир тажрибали ҳимоячи Бобур Акбаровни ҳам яна “Андижон”га қайтгани ҳақида хабар бергандик. Андижонлик футболчи жорий мавсумни яна қадрдон жамоасида ўтказадиган бўлди.

Қанот ярим ҳимоясидаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида, “Машъал” билан хайрлашган иқтидорли футболчи Абдуллоҳ Олимов ва ўтган мавсум “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилган Абдураҳмон Абдулхақов таклиф этилди. Ушбу футболчилар ҳам раҳбарият билан музокара ўтказиб, якунда “Андижон” учун ўйнаши аниқ бўлди.

Ҳужум чизиғидаги рақобатни ошириш ниятида ўтган мавсумни “Навбаҳор”да ўтказган Сардор Сулаймонов билан Рўзимбой Аҳмедов таклиф этилди. Ушбу футболчилар ҳам жорий мавсумни “бургутлар” таркибида ўтказади.
Жамоа раҳбарияти ва мураббийлар штаби ўзаро маслаҳатлашган холда, бу йил легионерлар хизматидан ҳам тўлиқ фойдаланишга келишиб олинди. Ҳозирда бу бўйича ҳам бир қатор хорижлик футболчилар билан музокара олиб борилмоқда.

Яқинда Арманистондан кўрикка таклиф этилган марказий ярим ҳимоячи Арам Саргсян мураббийларда ижобий таассурот қолдирмагани учун ортга қайтиб кетди. У билан бирга белоруссиялик ҳужумчи Микалаю Земко ҳам ўзидан яхши таассурот қолдирмагани туфайли, уйига қайтиб кетишга руҳсат берилди.

Уларнинг ўрнига молдовиялик ярим ҳимоячи ва ҳужумчи таклиф этилди. Ҳозирда улар кўрикдан ўтказилмоқда. Агарда харакатлари маъқул келса, расман шартнома тузилади.

Бундан ташқари яна айрим футболчилар билан музокара жараёни давом этмоқда. Уларнинг айримлари яқин кунларда жамоа сафига келиб қўшилади.