"Андижон" бош мураббийи "Бунёдкор"дан учралган аламли мағлубиятга қандай изоҳ берди?

“Андижон” клуби Тошкентда "Бунёдкор"га қарши баҳсда гарчи биринчи бўлиб ҳисобни очганига қарамай, якунда 2:1 ҳисобида аламли мағлубиятга учради. Беллашувдан кейин "Андижон" устози ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Александр Андреевич, учрашув борасида фикрингиз қандай?

- Тушунарлики, шунча ҳаракат қилишимизга қарамай мағлубиятга учрадик. Лекин мағлубиятга хос тарзда ўйин кўрсатмадик. Аксинча, яхши ҳаракат қилгандик. Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида ўйлаган режаларимиз амалга оша бошлаганди. Марказдаги фаоллигимиз ва тезкор ҳужумимиз натижасида гол ургандик. Яна вазиятлар ҳам бўлди, лекин улардан фойдалана олмадик. Афсуски, ҳисобни очганимизга қарамай, якунда мағлубиятга учрадик. Тушунарсиз голларни ўтказиб юбордик. Лекин шунча ҳаракат қилсак-да, омад бу сафар биз томонда бўлмади, аксинча рақибга кулиб боқди. “Бунёдкор”ни бугунги ғалаба билан табриклайман.

- “Андижон” иккинчи 45 дақиқаликда биринчиси каби хавфли вазиятлар содир этиш, ҳужумларга ўтишда озгина оқсади. Бунга нима сабаб, деб ўйлайсиз?

- Бир қатор муаммоларимиз ҳам бор эди. Биринчи бўлимда жамоамиз анча агрессив ҳаракат қилди. Қаердадир тажриба етишмади, тўпни сақлаб туриш борасида хатоликларга йўл қўйдик. Иккинчи бўлимда чарчоқ аломатлари ҳам сезилди. Афсуски, йигитлар ҳаракат қилишганига қарамасдан ижобий тарафга ўзгариш бўлмади. Аммо футболчиларимизни бутунлай чарчаб қолишди, деб айта олмайман. Ҳар томонлама курашишди. Аммо рақиб ҳам бизга етарлича қаршилик кўрсатди. “Бунёдкор” ҳам ўйинга яхши тайёрланган, бизнинг кучли ва кучсиз жиҳатларимизни ўрганиб чиққан. Рақибимизнинг ўйин тактикасига қараб биз ҳам ўйин ташкил қилдик. Йигитлар мағлубиятдан қутулиб қолиш учун курашишди. Уларга кескин эътирозларим йўқ.

- Иккинчи даврада Хебайда самарадорлик пасайди. Бу нима билан боғлиқ?

- Албатта, иккинчи давра бошида биринчисига нисбатан гол киритиш қийин бўляпти. Йигитлар ҳам унга имкон қадар тўп ошириб, вазиятлар яратишга ҳаракат қилишяпти. Биринчи даврани кўпчилик кутмаган тарзда 6-ўринда якунладик. Албатта, бунда Рубиннинг ҳам катта ҳиссаси бор. Хебай имкон туғилди дегунча ўз вазифасини бажара олади. Бироқ баъзи ҳолатларда унга тўп қулай тарзда етиб келмаяпти. Ўзи ҳам гол уришни жуда хоҳлаяпти. Аммо қулай паслар етарлича бўлмаётгани боис унда имкониятлар камроқ бўляпти. Айтяпман-ку, бизда айрим камчиликлар бор. Қанот ярим ҳимоямизда бироз муаммолар кузатиляпти. Қанотлардан ҳужумлар яхши ташкил қилинса ва қулай паслар узатиб берилса, ҳужумчимиз албатта гол уради. Бир ўзи гол уриши қийин нарса. Умид қиламанки, тез орада Хебай яна гол уришни бошлайди.

- Биринчи гол ўтказиб юборилишидан аввал “Андижон” аутдан тўпни ўйинга киритиши керак эди. Аммо бошқача йўл тутилди. Бу ҳакамларнинг хатоси эмасми?

- Мен ҳам ўша вазиятни кўриб тургандим. Тўп рақиб футболчисидан чиқиб кетганди. Айнан ўша голга ҳакам сабабчи десам кулгули бўлади. “Бунёдкор”нинг чап қанотидаги футболчилари яхши ҳаракат қилишди. Албатта, аламли гол бўлди. Яхши ҳимоялана олмаганимиз сабабли гол ўтказиб юбордик.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
ал хилол
13/08/2023 20:08
Хомяков уйиндан уйинга паслаб борябди Андижон уйинлари,кузингни каттарок оч.