"Андижон" бугун Словакия клуби билан ўйнайди. Рақиб ҳақида нималар маълум?

“Андижон” жамоамиз Анталияда давом эттираётган ўқув-машғулот йиғини доирасида навбатдаги ўртоқлик учрашувини 9 февраль куни ўтказади. Бу сафар жамоамиз учун спарринг-рақиб Словакиянинг “Белуша” футбол клубидир. Одатимизга кўра, “Андижон” матбуот хизмати бўлажак рақиб хусусида маълумотлар тақдим этади.

Хабарингиз бор, бунгача “Андижон” Жанубий Корея U23 терма жамоаси, Россиянинг ЦСКА, Руминиянинг “Селимбар” ҳамда Грузиянинг “Сабултаро” клубларига қарши майдонга тушишди. Навбатдаги беллашув эса “Бургутлар”нинг Анталиядаги бешинчи ўртоқлик ўйинига айланади.

“Белуша” Словакия чемпионатида учинчи ғарбий лигада иштирок этади. Ундан аввал эса “Найк” лигаси ва иккинчи лига бор. Ўхшатиш учун: улардаги “Найк” лигаси бизни Суперлигамиз кабидир. Шунингдек, учинчи лига ғарб ва шарқ минтақаларига бўлинган. Ундан кейин тўртинчи лига ҳам бўлиб, бу тўрт минтақага ажратилган. Умуман олганда, уларда футбол клублари кўп ва даражаларида у қадар фарқ йўқ.

андижон белуша

Ҳозир Словакия чемпионатида қишки танаффус эълон қилинган. “Белуша” клуби иштирок этаётган биринчиликда 16 та клуб қатнашади. “Андижон”нинг бўлажак рақиби мусобақа жадвалида 22 очко жамғариб, 9-ўринни эгаллаб турибди. “Белуша” иккинчи даврага тайёргарлигини Анталия шаҳрида олиб бормоқда. Жамоани словакиялик 47 ёшли мутахассис Душан Крамлик бошқариб келяпти. У “Белуша”да 2018 йилдан фаолиятини бошлаган ва 2022 йилдан эътиборан жамоа бош мураббийи сифатида меҳнат қилиб келмоқда.

“Андижон” – “Белуша” жамоалари ўртасидаги учрашув “SB Sport” комплексида бўлиб ўтади. Учрашув маҳаллий вақт билан соат 14:00 да, Тошкент вақти билан эса 16:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!