"Андижон" дарвозабони: "Қўрқинчили ҳеч нарса йўқ"

“Андижон” жамоасида бир неча мавсумдан бери фаолият кўрсатиб келаётган дарвозабон Элдор Адҳамов ўзининг иқтидори билан анча кўзга ташланиб қолганлиги сир эмас.

Жорий мавсумни у “Андижон” сафида Қаршида “Насаф” устидан қозонилган ажойиб ғалаба билан бошлаганди. Бироқ ўша учрашувда Адҳамов оёғидан жароҳат олиб сафдан чиқди. Натижада шундан бери жамоасига ёрдам бера олмаяпти ва айни пайтда даволаниш ишларини олиб бормоқда.

Элдор ҳозирги ҳолати, қачон сафга қайтиши ва яна айрим қизиқарли масалалар бўйича гапирди.  

Адҳамовнинг даволаниши қандай кетмоқда?

- Тўғри, чемпионат биз учун жуда омадли бошланганди. 1-турдаёқ Суперлига етакчиларидан бири “Насаф” майдонида уч очкони қўлга киритиб қайтдик. Лекин муваффақият “қурбон”ларсиз бўлмас экан. Афсуски, менда ҳам жароҳат бўлиб қолди. Худога шукрки, жароҳатим борасида қўрқинчли ҳеч нарса йўқ. 23 март санасида жамоа лагерига қайтиб машғулотларга киришгандим. Аммо бу муддат шифокорлар менга белгилаб берган паузадан эртароқ эди. Шунчаки, мен тезроқ сафга қайтиб, жамоамга ёрдам бериш мақсадида эртароқ қайтгандим. Бир ҳафта давомида шуғуллангач, 30 мартда қайта текширувдан ўтганида шифокорлар максимал “нагрузка”лар олишим бироз вақтли эканлигини айтишди ва яна бироз пауза кераклигини таъкидлашди. Худо хоҳласа, 10-12 апрель оралиғида яна клубга қайтиб, машғулотларга киришаман.

адхамов

Жамоасининг ўйинини четдан кузатаётгани ҳақида

- Жамоа ўйинини четдан кузатиш жуда қийин ҳолат. Буни айнан майдон четидан кузатганлар яхши билади. Анчадан бери бундай вазиятга тушмагандим. Айниқса, жамоангизга ёрдам бериш мақсадида майдонга тушиб кетгингиз келади. Фақат сабр қилиш ва чидаш керак. Худо хоҳласа, кўпи кетиб, ози қолди. Ўтказилган ўйинлар ҳақида гапирадиган бўлсам, менга охирги ўйин ёқди. Қаттиқ “настрой” қилиб чиқишди. Ютмасак ҳам бўлмасди. Худога шукр ғалаба қозондик. Ўша “Олимпик” билан учрашув яхши таассурот қолдирди. Бутун жамоамиз ажойиб ўйнади. Барибир бизга яна бироз вақт керак. Янги таркиб шакллантириляпти. Тўлиқ тушуниб олиш учун барибир вақт зарур бўлади ва ҳаммаси ўйинлар орқали келади.

Чемпионатимиздаги кучли дарвозабонлар ким?

- Ўзбекистон чемпионатида дарвозабонлар орасида ҳаммадан ажралиб турадиган бирортасини кўрсата олмайман. Кўп посбонларнинг савиясини бир хил деб ўйлайман. Кимдадир нимадир плюс ва яна кимдадир нимадир минус. Шунинг учун яққол ажралиб турадигани, мана бу энг зўри, буниси иккинчиси деб ҳеч кимни кўрсата олмайман. Менга шахсан ўзимни ўйиним ёқади. Нимадир ўрганиш керак бўлса, кўпроқ Европа футболидан ўрганишга ҳаракат қиламан. Айниқса, Англия, Испания, Германия чемпионатидаги дарвозабонлар яхшироқ ўйин кўрсатишяпти. Айнан ўшалардан нимадир ўрганишга ҳаракат қиламан.

адҳамов_1

Водий дербиси олдидан

- Худо хоҳласа, яхши ўйин бўлади. Йигитлар “Нефтчи”га қарши худди “Олимпик” билан учрашувга тайёргарлик кўргандек “настрой” қилиб чиқишса, яхши натижага эришамиз. Имкониятлар тенг. Умид қиламанки, жамоадошларим яна мухлисларини хурсанд қила олади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!