"Андижон" футболчиларига қизиқишлар ортмоқда, Фарҳод Бекмуродов эса кетди!

Бир амаллаб, Суперлигада жон сақлаб қолган “Андижон” клуби ҳам янги мавсум учун режалар тузмоқда. Бу мавзуда бош мураббий ва клуб раҳбари тайёргарлик масалаларини гаплашиб олишган.

Маълум бўлишича, жамоага бир қатор иқтидорли ёш футболчилар таклиф қилиняпти. Лекин асосий муаммо шундаки, “Андижон” клубига легионерлардан бўлган қарздорлик туфайли ФИФА томонидан трансфер қилиш имкониятидан маҳрум этувчи таъқиқ қўйилган. Айни пайтда жамоа раҳбарияти ушбу масала бўйича муаммони ҳал этишга ҳаракат қиляптилар.

Шу билан бирга жамоанинг бир қатор етакчи ўйинчиларига Суперлиганинг бошқа клубларидан жиддий қизиқишлар бўляпти.

Жумладан, Фарҳод Мираҳматов, Дониёр Абдуманнопов, Азамат Исроилов, Хушнуд Авилов, Абдуллоҳ Олимов каби футболчиларнинг олдида аниқ таклифлар бор. Мураббийлар эса жамоа етакчиларини сақлаб қолиш ҳаракатидалар.

Ҳозирча, “Андижон”ни Фарҳод Бекмуродов тарк этгани маълум бўлди. Унинг янги мавсумни қайси жамоада бошлаши маълум эмас. Лекин футболчига етарли даражада таклифлар келиб тушмоқда. Шу сабабли Бекмуродов ҳали бу борада бир қарорга келгани йўқ. Катта эҳтимол билан январь ойида вариантлардан бирини танлайди.

“Андижон” клуби эса, янги мавсумга тайёргарликни 10-15 январь оралиғида бошлаши кўзда тутилган. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!