"Андижон" футболчиси Навоийдаги кутилмаган натижа, охирги иккита ўйин ва Хебайнинг тўпурарлиги учун имконияти ҳақида нималарни айтди?

Маълумки, “Қизилқум”га қарши бўлиб ўтган ўйин “Андижон” жамоаси учун омадсиз ўтди ва табиийки, бундай натижани ҳеч ким кутмаганди. Ушбу беллашувда “Бургутлар” шарафини ҳимоя қилган иқтидорли ярим ҳимоячи Илҳом Абдуғаниев бу борада қуйидагича фикр билдирди:

“Тўғри айтасиз, “Қизилқум”га қарши жамоамизга омад ва ўзимизга бўлган ишонч етишмади, деб ўйлайман. Ҳа, кўпчилик кутмаган натижа бўлди. Албатта, биз олдиндан учрашув оғир бўлишини билгандик. Афсуски, мураббийларимизнинг кўрсатмаларини бажаришда кўплаб хатоликларга йўл қўйдик. Бундан тўғри хулоса чиқарамиз".

абдуғаниев1

Чемпионат якунига иккита тур қолди. Олдинда "Андижон"ни сафарда "Турон" ва ўз уйида "Бухоро"га қарши баҳслар кутмоқда. Иккала ўйинни 100 фоизли натижа билан якунлаш асосий масала, дейиш мумкин. 10-рақам эгаси Абдуғаниев чемпионат якунидаги бўлажак учрашувлар олдидан ҳам ўз қарашларини ифода этди.

“Ҳа, чемпионат тугашига 2 тур қолди. Жамоамизни олдинда яна иккита қийин ўйин кутяпти. “Турон” ҳамда “Бухоро” клублари ҳам бўлажак учрашувларда борларини бериб ўйнайдилар. Уларнинг мақсади Суперлигада қолиш. Лекин бизнинг ҳам мақсадимиз бу йилги мавсумни чиройли ва юқори нотада тугатиш. Албатта, охирги иккита ўйинда ғалаба қозониб мухлисларимизни қувонтириш ва уларнинг қаршисида юзимиз ёруғ ҳолатда тугатишни истаймиз”.

Мавсум охирлаб қолганини инобатга олсак, жамоада чарчоқ аломати сезилмаяптими? Чунки бундай паллада футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги асосий ўринга чиқади...

“Албатта, мавсум охирида нафақат бизда, балки бошқа жамоаларда ҳам чарчоқ сезилади. Лекин ўйиндан-ўйингача тўғри тайёрланиб, тўғри тикланиш ишлари олиб бориляпти. “Қизилқум” биздан кўра кўпроқ дам олди. Балки шунинг учун шундай ҳолат сезилган бўлиши мумкин. Аммо бизда чарчоқдан кўра, ўзимизга бўлган ишонч етишмади. Бироқ охирги учрашувларда бундай бўлмайди ва биз албатта ишқибозларимизни хурсанд қила оламиз”, - дейди Илҳом.   

абдуғаниев2

Яна бир гап: “Андижон” жамоасининг муҳим фигураларидан бири Рубин Хебай 12 та гол билан тўпурарлар орасида пешқадамлардан бири. Рубин якунда тўпурарликни ўзиники қила оладими? Абдуғаниевнинг муносабати шундай бўлди:

“Рубин Хебай ҳозирда 12 та гол билан Суперлига тўпурари бўлишга асосий номзод бўлиб турибди. Якунда ҳам шундай бўлади, деб ўйлайман, Худо хоҳласа. Бунга Хебайни бир ўзи эмас, биз ҳам, барчамиз қўлимиздан келганича ёрдам берамиз”, - дея фикр билдирди, Илҳом Абдуғаниев.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
ал хилол
06/11/2023 08:31
Илхом йил бошида сен яхши уйнаётган эдинг,сенга нима булди.колган 2 та уйинда узингни курсатасан деган умиддамиз.Олга,,Андижон,,,