"Андижон" кетма-кет иккинчи ўйинда ҳам 0:0 ўйнади. Бош мураббий қандай изоҳ берди?
“Андижон” – “Сурхон” (0:0) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Александр Хомяков қатнашди.
- Турнир жадвалида ёнма-ён кетаётган икки жамоанинг тўқнашувига гувоҳ бўлдик. Мавсум бошида мен “Сурхон” билан турнир жадвалида ёнма-ён турамиз, деб ўйламагандим. Биринчи даврада 1:0 ҳисобида мағлубиятга учрагандик. Бу ўйинда эса улар қимматли бўлган бир очкони қўлга киритишди, деб ўйлайман. Биз эса ғалаба қозонишни жуда ҳам хоҳлагандик. Рақиб яхши ўйини билан дурангга эришди. Таркибига назар солсак, бир қанча ёш ўйинчилари борлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. “Сурхон” бежизга бундай ўринда кетмаётганлигини кўрсатиб қўйди. Биз жуда кўп нарсани истагандик, аммо ҳужумда ҳеч нимани эплай олмадик. Рақиб қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилди. Ўйиннинг катта қисмида рақиб ҳимояланди ва қарши ҳужумларда ҳаракат қилди. Хавфли ҳужумлар уюштирдик, барибир кўзланган мақсадга эриша олмадик.
- Нега Бубанья майдонга тушмади?
- Уни жароҳати бор эди. Бугунги кунда тикланиш билан банд. Кейинги учрашувларга тайёргарлик кўрмоқда.
- Армин Бошняк ҳақида нима дейсиз?
- У жамоамизга кеча қўшилди. Қанотларни янада кучайтириш мақсадида уни сафимизга қўшиб олдик. Жамоамизга мослашиш арафасида. Умид қиламизки, у ҳам Хебайга ўхшаб тезда қўшилиб кетади ва яхши натижалар кўрсата олади. Лекин афсуски, бугунги баҳсда мухлисларимизни ғалаба билан хурсанд қила олмадик. Олдинга интиламиз, хатоларимизни тўғрилаймиз ва кейинги ўйинларда яхши натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз.
- “Андижон” иккита турдан бери 0:0 ўйнаяпти. Сизнингча, олдинги ва бугунги ўйиннинг фарқли томонлари нимада бўлди?
- Биласизми, тўғрисини айтсам, бугунги рақиб анча қизиқарлироққа ўхшади. Бугун ютишни жуда ҳам хоҳлагандик. Чунки жамоанинг мақсади бор, асосан ёшлар билан шаклланган. Бош мураббий ҳам тажрибасини ошириб, ёшларга имконият бераётгани кўриниб турибди. “Насаф” билан ўйин тарихга айланган. Энди бу борада бирор нима дея олмайман. Яна қайтараман: ғалаба қозонишни жуда истагандик. “Сурхон” бежизга турнир жадвалига яхши ўринларда эмас.
- 27-рақамдаги Содиқов иккинчи таймда майдонга тушди, аммо кўп хато қилди...
- Яна бир бор айтаман: бизда айниқса қанот ўйинчилари билан муаммолар пайдо бўлган. Шу боис бир қатор ўйинчиларни алмаштиришга мажбур бўляпмиз. Хавотирланишга ўрин йўқ деб ўйлайман, ҳаракат қиляпмиз, ҳаёт давом этади. Келажакка умид қилган ҳолда яхши ҳаракат қилиб, ғалаба қозонишга интиламиз.
Фикрлар