Янги мавсум бошланиши арафасида аксарият клублар таништирув маросимларини ўтказмоқда. Бугун Андижондаги “Ёшлар маркази”да ўзига хос тадбир ўтказилди.

Суперлигага астойдил тайёргарлик кўраётган “Андижон” жамоасининг бугун мухлислар билан учрашуви ташкиллаштирилди. Анъанага мувофиқ, барча футболчилар кенг оммага таништирилди. Тадбир жуда кўтаринки руҳда ўтди. Фан-клуб аъзолари залда байрамона муҳитни юзага келтиришди. Худди стадиондаги муҳитни акс эттира олдилар, дейиш мумкин.

Тадбир аввалида клуб раҳбари Журъатбек Қувватов сўзга чиқди ва мухлисларга мурожаат қилиб, шундай деди:

- Сиз мухлисларни кўриб турганимиздан хурсандмиз. Аввало, вилоят ҳокимига бизга билдирган ишончи учун катта раҳмат. Андижон халқини хурсанд қилиш мақсадида вилоят футболини кўтариш учун кечаю кундуз сидқидилдан меҳнат қилишга бел боғлаганмиз. Бунда сиз ишқибозларнинг ҳиссалари беқиёс. Яширмайман, шу пайтгача Андижонда футбол ривожланмаганди. Ҳар йили қандайдир муаммолар ва тўсиқлар юз бераверган. Андижон вилояти барча соҳаларда Республикада етакчи ўринларда туради. Футболни ҳам юқори поғоналарга олиб чиқишимиз керак. Қандай қилиб? Бу ҳақда олдинги интервьюларимда ҳам айтдим. Биз бирлаша олмасак, ҳеч нима қила олмаймиз. Кўпчилик савол беряпти, футболдан сенга нима фойда? Қачон даромад топасан, деб сўрашяпти. Йўқ, биз пул топгани келганимиз йўқ. Пулларимизни шунчаки сарфлаб юбориш учун ҳам келмаганмиз. Шу ишга киришдикми, албатта натижа қилишимиз керак. Сиз мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши остида алоҳида модул яратайлик. Эртага биз бормизми-йўқмизми, лекин футбол яшаши керак. Бунинг учун жамоани системага солиб қўйишимиз керак. Ҳаммаси барибир молиявий жиҳатга бориб қадалади. Клуб барқарор бўлиб, ўз ўйинини йўлга қўйиб олса, ана шунда ишимизда ҳам унум бўлади. Маблағ қаердан келади? Олдингидек ҳомийлар йўқ, ҳокимдан ҳам пул сўрамаймиз. Ҳаммасини ўзимиз ишлаб топамиз ва клубни ҳам ўзини-ўзи маблағ билан таъминлашини йўлга қўямиз. Масалан, иқтидорли ёшларни трансфер қилиш орқали пул ишлаш мумкин ёки реклама орқали.

тадбир9

Мухлисларни ҳам ҳар хил тоифага бўлиш мумкин. Кеча футболчиларимиз билан жиддий гаплашиб олганмиз. Ўйин пайтида кимдир гол ура олмаса, уни ҳақорат қилмасдан, қўллаб-қувватлаш лозим. Бу ердаги барча Андижон футболини кўтарилишини хоҳлайди. Агар кимнидир ёмонсан деса, у ёмон бўлиб кетаверади. Агар уни яхшилаб турса, ижобий томонга ўзгараверади. Шунинг учун ҳаммамиз бирлашишимиз муҳим. “Андижон”ни юқори ўринларга биргаликда олиб чиқамиз.

Бош мураббий Отабек Ғуломхўжаев билан маслаҳат қилганмиз. Бу йил биз учун синов, аммо юқори ўринлар учун курашамиз. Лекин уч йилда жамоани чемпион қиламиз, деган ваъдани сизларга айта оламан. Кейин футболчиларимизга ҳам гапим бор. Агар бу йил жамоа кучли учталикка кирадиган бўлса, ҳар бир ўйинчига биттадан “Ford Mustang” автомобилини ваъда қиламан. Лекин бундай мақсадларга мухлисларнинг қўллаб-қувватлашисиз эриша олмаймиз, - деди клуб раҳбари.

тадбир11

Шундан кейин монитор орқали “Андижон” клубини янгиланган логотипи яна бир бор таништирилди. Шунингдек, “Бобур арена”да қилинаётган ишлар борасида ҳам маълумотлар берилди. Қолаверса, жамоанинг уй ва сафар учрашувларида кийиб тушадиган янги формалари ҳам кенг оммага намойиш қилинди. Сўнгра, футболчиларни расман таништириш маросимига навбат берилди.

Демак, “Андижон” футболчилари қуйидаги рақамларда тўп суришади:

Дарвозабонлар: Жасур Умрзоқов – 44, Жавоҳир Қиличев – 32, Низомиддин Зиёвутдинов – 1.

тадбир8

Ҳимоячилар: Абдувоҳид Ғуломов – 5, Суннат Ҳамиджонов – 28, Усмонали Исмоналиев – 4, Абдуғани Камолов – 18, Камрон Нажафалиев – 2, Иброҳим Отахонов – 6, Миркомил Локаев – 27, Пламен Димов (Болгария) – 49, Мардон Абдуллаев – 23.

тадбир7

Ярим ҳимоячилар: Диёр Раҳимқулов – 70, Муҳаммадкарим Тоиров – 26, Камрон Саидазимов – 9, Фарҳод Соҳибжонов – 17, Муҳаммад Исаев – 77, Бахтиёр Қосимов – 6, Эдгар Бернхардт (Қирғизистон) – 3, Жасур Жалолиддинов – 10.

тадбир6

Ҳужумчилар: Дониёр Абдуманнопов – 33, Абдулҳай Исмоилов -11, Жамшид Ҳомидов – 94, Мартин Боаке (Италия) – 7, Дониёр Исмоилов – 14.

тадбир4

Футболчиларга ўз рақамлари топширилгач, жамоа бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаевга ҳам сўз берилди. “Андижон” устози эса минбарга чиққач, дангал гапирди:

- Барча ишқибозларга миннатдорчилик билдираман. Нуроний мухлисларимиз ҳам соғ бўлишсин. Мен қисқа қилиб айтаман. Жамоа мавсумга тайёр. Тайёргарлигимиз аъло даражада бўлди. Бунинг учун вилоят ҳокими ва клуб раҳбарига жамоамиз ҳамда ўзимнинг номимдан миннатдорчилик билдираман. Боя ўтирганимда мураббий гапирадими, деган сўзларни эшитдим. Мураббийнинг гапирган гапи майдонда футболчиларнинг кўрсатган ўйини бўлади. Андижонлик ишқибозлар жуда талабчан. Сизлар жамоага ишонинглар, албатта ишончни оқлаймиз, - дея фикр билдирди, бош мураббий.

тадбир3

Ғуломхўжаевнинг ушбу сўзлари худди клуб раҳбари Журъатбек Қувватовнинг айтган гаплари сингари мухлисларни тўлқинлантириб юборди. Ишқибозлар эса жамоанинг янги аъзоларидан бири Жасур Жалолиддиновдан ҳам бирор гап кутган ҳолда уни ҳам сўзга чиқишини талаб қилдилар ва бунга жавобан футболчи андижонликлар учун ёқадиган фикрларни айтди:

тадбир5

- Мени навоийлик демасанглар ҳам бўлади. Шу ерда бўлганимда сизлар учун андижонлик бўлиб тураман. Бизни шу даражада қўллаб турганинглар учун барчага раҳмат. Мақсадимиз йўлида ҳеч нимани ўйламасдан жонимизни бериб ўйнашга ваъда берамиз. Худо хоҳласа, ҳар бир ғалабамиздан кейин қўшиғингларни барчамиз биргаликда айтамиз. Бу ерда ҳеч қандай катта пул олмайман. “Андижон”га пул учун келмадим. Жамоага мураббий ва сизларнинг ҳурматинглар учун келдим, - деди Жалолиддинов.

Шунингдек, тадбир давомида жамоа аъзоларидан Иброҳим Отахонов ҳамда Дониёр Абдуманнопов ҳам сўзга чиқиб, мавсум давомида ишончни оқлашга бор кучларини сарфлашларини айтдилар.

тадбир10

Фан-клуб раиси Нодирбек Тўйчиев ҳам мухлисларнинг янги мавсумда севимли жамоасини ўзгача иштиёқ билан қўллаб-қувватлаш учун жиддий тайёргарлик кўрилаётганини айтиб, футболчилардан чиройли ўйин ва ғалабаларни кутиб қолишини таъкидлаб, уларни руҳлантирди.

тадбир2

Бир сўз билан айтганда, “Андижон” жамоасининг бу йилги таништирув маросими жуда кўтаринки руҳда ўтди. Илгари тушкунликка тушиб қолган ишқибозлар бугун яна яхши кайфиятда янгиланган жамоасига нисбатан ишонч уйғонди. Қолганини мавсум давомида кўриб оламиз.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Яшин. Ш.И
07/03/2021 21:12
Олдинги йилларда вилоят ҳокими стадион майсасини самарасиз ва сифатсиз реконструкциясига жуда катта миқдорда маблағ сарфлаб халқни пулини кўкка совуриб ҳали тоза тайёр бўмаган майдонда очилиш маросими ўтказиб ҳокимга ярашмаган ҳолда "Анжан полка" сига раққоса қизлар каби сузилиб рақсга тушиб, ҳали майдонда ўзини кўрсатмаган футболчиларга беҳудага(бели оғримаганни нон ейиши каби) қоп-қоп пулларни уларни устидан сочиб қилган беўхшов қилиқларини азобини(жабрини) кейинги йилларда Анжан клуби тортганлигини ҳали мухлислар унитишганларича йўқ.
Бу борада Шўхратбойнинг Бозоров(собиқ Наманган ҳозирда Фарғона ҳокими) даражасига етишига ҳали анча қовун пишиғи борлигини ўзи сезмаган ҳолда кенг оммага намойиш этиб қўйган эди.
Мухлисларнинг севимли Анжан жамоасини бу йилги режалари яъни совриндорлар қаторидан жой олишларини чин дилдан тилаган ҳолда футболчиларга вада қилинаётган автомобилларни ўз эгаларига етиб боришини қаттиқ назорат остига олинмаса айрим эпчиллар қизларини "денрождения" сига совға қилиб юборишлари мумкинлигидан ховотирдамиз.

Минбар

Барча блоглар