"Андижон" назорат баҳсида "Нефтчи" ёшларидан устун келди

Иккинчи даврага хозирлик кўраётган Баҳром Ҳайдаров бош мураббийлигидаги "Нефтчи" ёшлар жамоаси 19 июль куни Андижондаги БЎФМ стадионида "Андижон" жамоасига қарши ўртоқлик баҳсида иштирок этишди. Учрашувда андижонликлар 4:2 натижасида зафар қучишди.

Шу куни биринчи лига етакчиси таркибида Акмал Холматов, Ҳамза Каримов, Анвар Бердиев каби бир қатор тажрибали ижрочилар ҳаракатланди. Шунингдек, биринчи даврани "Нефтчи"да ўтказган Фурқат Ҳасанбоев ҳамда Саид Абдужабборлар ҳам "Андижон" шарафини ҳимоя этишди.

Ўйинда "Андижон" ҳисобни очди. Тажрибали Акмал Холматов узоқ масофадан ёш дарвозабон Шуҳрат Раҳмоновнинг хушёрлиги синаб кўрди ва унинг берган зарбасин чиройли голга айланди. 1:0.

Кўп ўтмай меҳмонлар таркибидан Исломбек Каримов ҳисобни тенглаштирди. Майдон марказида рақибга кучли прессинг уюштирган ёш фарғоналиклар тўпни рақибдан олиб қўйишди ва қарши ҳужумга ўтиб кетишди. Оқибатда Исломбек Каримов дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва имкониятдан унумли фойдаланди. 1:1.

Иккинчи тайм ҳам голлар ва хавфли вазиятларга бой бўлди. Бўлимни "Нефтчи" ёшлари гол билан бошлашди. Танаффусдан Баҳром Ҳайдаровдан керакли кўрсатмаларни олган меҳмонлар кетма-кет ҳужумларни амалга оширишди. Вазиятларнинг биридан яна ўша Исломбек Каримов самарали фойдаланди ва ўз дублини нишонлади. 2:2.

Мазкур натижадан сўнг Баҳром Ҳайдаров "Нефтчи" дарвозабонини алмаштирди. Майдонга Машхур Муҳаммаджонов туширилди. Бироқ иқтидорли посбоннинг майдонга чиқиши унчалик даражада омадли чиқмади. Шундан сўнг андижонликлар хавфли вазиятлардан 2 тасини аниқ фойдаланиш ва кетма-кет гол уриш муваффақ бўлишди. 4:2.

Ўртоқлик ўйини

"Андижон" - "Нефтчи" ёшлар жамоаси 4:2

Голлар: Акмал Холматов, Анвар Бердиев(пенальтидан), Собир Ҳамидов, Шаҳбоз Жумабоев - Ислом Каримов (2та)

"Нефтчи" ёшлар жамоаси: Шуҳрат Раҳмонов, Шодиёр Хожиматов, Абдужалил Маназаров, Бунёд Абдуманонов , Ҳусанбой Ғаниев, Ислом Тошпўлатов, Ислом Каримов, Хуршид Асқаралиев, Абдуқодир Артиков, Эламон Каримов, Ҳамидулло Абдуҳамидов

Захира: Машхур Муҳаммаджонов, Сардор Исаков, Ботир Мамасидиқов, Нодир Тўланов, Илхом Вахобов, Асил Ғоибжонов

"Андижон": Акмал Ортиқов, Равшан Асланов, Ҳамза Каримов, Сирож Ҳамроев , Абдулазиз Ёқубов, Отабек Валижонов, Фарҳод Бекмуратов, Иброҳим Отахонов, Акмал Холматов, Анвар Бердиев, Фирдавс Асадов.

Заҳирадан майдонга тушганлар: Элдор Исабоев, Фурқат Ҳасанбоев, Рафик Каримов, Жаҳонгир Маҳсудов, Шаҳбоз Жумабоев, Алишер Абдувоҳидов, Мақсуд Маҳмудов, Қаҳрамон Маҳамаджонов
Ойбек Нурматов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!