"Андижон" "Олимпик"ни мағлуб этган ўйинда нималар юз берди?
Иккинчи даврада ҳали ғалаба қозона олмай келаётган “Андижон” ҳамда “Олимпик” клублари бу сафар “Бобур Арена”да тўқнаш келдилар. Ёдингизда бўлса, бу жамоаларнинг биринчи даврада Жар стадионидаги ўйинида андижонликлар Илдар Маматказиннинг ягона голи эвазига ғолиб бўлгандилар.
Навбатдаги баҳсга қизиқиш олдингиларидан кам бўлмаган даражада юқори эди. Кутилганидек, “Бобур Арена” бу сафар ҳам “куйлади”. Тиниб-тинчимаган “Андижон” фан-клуби ҳар бир ўйинга янги перформанслар тайёрлашмоқда ва бу сафар ҳам барчани ўзларига торта олдилар. Бундай қайноқ муҳитда тўп суриш ҳар қандай ўйинчига қўшимча мотивация бериши шубҳасиз.
Ўйин майдон эгалари учун муваффақиятли бошланди. 3-дақиқада “Олимпик” ҳимоячисининг кутилмаган хатосидан кейин Рубин Хебай дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб осонлик билан уни доғда қолдирди ва ҳисобни очди. Қизиғи, “Андижон” биринчи даврада “Олимпик” майдонидаги учрашувда ҳам 3-дақиқада гол урганди.
Тезкор голдан мезбонлар янада руҳланди. Албатта, “Олимпик”га бу ҳисоб мутлақо ёқмасди ва ўз ҳужумларини кучайтириши табиий эди. Бу эса ўйиннинг ҳароратини янада ошишига туртки бўлди. Тимур Кападзе жамоаси 19-дақиқага келиб мувознатани тиклади. Бурчакдан узатилган тўпдан кейин Алишер Одилов ҳисобни тенглаштирди.
Мезбонлар яна ҳаммасини бошидан бошлашига тўғри келди. Танаффус пайтида Хомяковдан тегишли кўрсатмаларни олиб тушган “Андижон” футболчилари иккинчи бўлимни жуда фаол ва кўтаринки руҳда бошладилар. Бу 51-дақиқада ўз мевасини берди. Айниқса, иккинчи голнинг яратилишида Илҳом Абдуғаниевнинг ҳиссаси беқиёс бўлди. У тўпни майдон марказининг иккинчи қисмида қабул қилиб олиб, хавфли рейдини бошлади. Уни рақиблари тўхтата олмади ва бир ўзи рақиб жарима майдонигача ёриб кирган ҳолда Армин Бошнякни тўп билан таъминлади. Ўз навбатида черногориялик ярим ҳимоячи жарима майдони ичида чиройли ҳужумни чиройли гол билан якунлади. Натижада “Бобур Арена” яна ларзага келди.
Бошняк ўтган сафар “Бунёдкор” дарвозасига ҳам чиройли гол урганди ва бу сафар ҳам чиройли гол уришини такрорлади. Кетма-кет иккита ўйиндан бери гол ураётган янги легионер ҳақида “Андижон” устози учрашувдан кейинги матбуот анжуманида жуда илиқ гапларни айтгани ҳам эътиборга молик. Якунда эса Хебай билан Бошнякнинг голлари “Бургутлар”га орзиқиб кутилган ғалабани таъминлади.
Янада муҳим ва қизиқарли онлар учрашувдан кейин рўй берди. Беллашув якунига етганидан кейин футболчилар ашаддий мухлислари билан ғалабани биргаликда нишонлаётган маҳалда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов майдонга тушиб келди ва жамоа аъзоларини ғалаба билан қизғин муборакбод этди. Бу ҳолат эса стадиондаги ишқибозлар томонидан олқишларга сабаб бўлди. Шунингдек, жамоанинг тўпурар ҳужумчиси Рубин Хебайга машина совға қилишини ва бунинг учун у ўзи истаган русумдагисини танлаб олишини ҳам алоҳида таъкидлади. Умуман, вилоят ҳокими жамоа аъзоларини рағбатлантирган ҳолда қўллаб-қувватлашини ҳам билдириб ўтди. Бир сўз билан айтганда, учрашувдан кейинги хурсандчилик ёрқин воқеалар билан ёдда қолди.
“Андижон” эса ўз ғалабаси билан мухлисларнинг кайфиятини кўтарди. Хомяков матбуот анжуманида таъкидлаб ўтганидек, ушбу ғалабани ҳамма кутаётганди. Энди “Бургутлар” чемпионатнинг навбатдаги турида водий дербиси доирасида “Нефтчи” жамоасига қарши баҳс олиб боради.
“Андижон” – “Олимпик” – 2:1 (1:1).
21 август. Андижон. “Бобур Арена” стадиони. 8912 томошабин.
Ҳакамлар: Акобирхўжа Шукуруллаев, Олим Абдувосилов, Ойбек Калахўжаев.
Назоратчи: Бобур Ҳайдаров.
Комиссар: Жаҳонгир Раҳматуллаев.
“Андижон”: Игорь Литовка, Абдувоҳид Ғуломов, Илдар Маматказин, Ислом Маматказин, Илҳом Алижонов, Илҳом Абдуғаниев (Бобур Фарҳодов, 85), Армин Бошняк (Сардор Абдунабиев, 68), Фарҳод Соҳибжонов, Леван Арвеладзе, Суҳроб Бердиев (Фарҳод Бекмуротов, 77), Рубин Хебай.
“Олимпик”: Ҳамидилло Абдунабиев, Саидазамат Мирсаидов, Одил Абдумажидов, Иброҳим Ибрагимов (Шахзод Акрамов, 60), Саидафзал Аҳроров, Асад Раҳимжонов, Отабек Жўрақўзиев (Фарруҳ Мухторов, 88), Тимур Мамасиддиқов (Риан Исламов, 71), Абдурауф Бўриев, Жасур Жалолиддинов (Нодир Абдухаликов, 88), Алишер Одилов (Шерзод Эсанов, 71).
Голлар: Рубин Хебай, 3 – 1:0. Алишер Одилов, 19 – 1:1. Армин Бошняк, 51 – 2:1.
Огоҳлантиришлар: Илдар Маматказин, 76. Сардор Абдунабиев, 77. Игорь Литовка, 90 – Абдурауф Бўриев, 5. Жасур Жалолиддинов, 57.
Фикрлар