
"Андижон" "Пахтакор"нинг бирданига уч нафар футболчисини қўлга киритди
“Андижон” ёзги трансфер ойнаси вақтида таркибини янги ўйинчилар билан тўлдириш ва кучайтириш борасида селекция ишларини фаол тарзда олиб бормоқда.
Клуб матбуот хизмати “Пахтакор”дан уч нафар иқтидорли футболчилар “Андижон” жамоасига кўчиб ўтганини эълон қилди.
Жумладан ҳужумкор ярим ҳимоячи Муҳаммадали Усмонов билан шартнома имзоланди.
Маълумот учун, Усмонов 2004 йилнинг 9 декабрь санасида Андижонда таваллуд топган. У “Пахтакор”нинг U18, U21 ва асосий жамоаларигача бўлган йўлни босиб ўтган. Жорий мавсумнинг биринчи қисмида “Пахтакор” сафида Суперлига ва Ўзбекистон Кубогида 2 та ўйинда майдонга тушди ва 1 та гол муаллифи бўлди.
Таъкидлаш керакки, бош мураббий Максим Шацких ўз вақтида “Пахтакор”да ишлаган чоғида Муҳаммадали Усмоновни кашф қилган. Умид қиламизки, иқтидорли ҳужумчи “Андижон”да ўзининг ажойиб ўйинлари ва голлари билан мухлисларимизни хурсанд қилади.
Истеъдодли ҳужумчи Отабек Жўрақўзиев билан ҳам шартнома имзолади. Эндиликда у мавсум охирига қадар ижара асосида “Бургутлар” сафида тўп суради.
Маълумот учун, Жўрақўзиев 2002 йилнинг 2 апрель санасида Фарғона вилоятида таваллуд топган.
Фаолияти мобайнида бунгача “Бунёдкор фарм”, “Олимпик” ва “Пахтакор” таркибида тўп сурган.
Жорий мавсумнинг биринчи қисмида “Пахтакор” сафида 13 та ўйинда 3 та гол урди. Шунингдек, Ўзбекистон U23 терма жамоасида 26 та учрашувда майдонга тушган ва 6 гол муаллифига айланган.
“Андижон” “Пахтакор”нинг яна бир тарбияланувчиси Саидумархон Саиднуруллаевни ўз сафига қўшиб олди.
Маълумот учун, Саиднуруллаев 2005 йилнинг 13 апрель куни Андижон вилоятида таваллуд топган. “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси 2023 йилдан бери “Шерлар” таркибида тўп суриб келади. Жорий йилги мавсумнинг биринчи қисмида футболчи “Пахтакор” таркибида битта ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урган ва 1 та голли пасни узатган.
Учала ўйинчи ҳам "Бургутлар"нинг Тожикистондаги йиғинига қўшилишган.
Эслатиб ўтамиз, бунгача "Андижон клуби польшалик ҳимоячи Кристиан Новак ва украиналик дарвозабон Артём Одинцовнинг трансферларини эълон қилган. Жамоа яна селекция ишларини давом эттирмоқда.
Фикрлар