"Андижон" қандай кўтарилишга эришаётганини биласизми ёхуд жамоанинг апрель ойидаги энг яхши футболчиси аниқланди!
Апрелни якунлаб, май ойига ҳам кириб келдик. Хўш, про лигада қатнашаётган “Андижон” жамоасининг ўтган ойдаги статистик рақамлари қандай бўлди? Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.
“Бургутлар” ҳаммаси бўлиб тўртта расмий ўйинда майдонга тушишди. Иккитаси про лига ва яна иккитаси Ўзбекистон Кубоги доирасига тўғри келди. Унда қуйидаги натижалар қайд этилди: “Ғиждувон” – “Андижон” – 1:1, “Янгиер” – “Андижон” – 1:3, “Андижон” – “Сўғдиёна” – 1:1, “Турон” – “Андижон” – 1:2. Шунингдек, “Арал Самали”га қарши Кубок баҳсидаги ўйинга жамоамиз молиявий муаммо туфайли бора олмагани учун техник мағлубият ёзилди. Бироқ унгача бир ғалаба ва бир дуранг қайд этишгани туфайли гуруҳда 2-ўрин билан 1\8 финалга йўл олди, қуръа натижасига кўра, “Андижон” кейинги босқичда “Турон”ни қабул қилади.
Футболчила 4 та ўйинда рақиб дарвозасига 7 та гол уришди ва ўз дарвозасидан 4 та тўп ўтказишди. Шаҳбоз Эркинов апрель ойида 2 та гол урди ва ҳар иккисини пенальти орқали амалга оширди. Шунингдек, Фарҳод Соҳибжонов, Шерзод Эсонов, Муҳаммадкарим Тоиров, Богдан Милич ва Илдар Маматказин ҳам ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйди. Умуман олганда, 4 та ўйинда голларнинг 4 таси биринчи бўлимда киритилди ва қолган 3 таси иккинчи бўлимга тўғри келди.
Апрель ойида “Андижон” дарвозасига битта пенальти белгиланди ва жамоа икки бор шу ишни бажарди. “Сўғдиёга”га қарши беллашувда Шохруз Норхоновнинг 11 метрлик нуқтадан йўллаган зарбасини Хуршид Ходжаев бартараф этди. Шаҳбоз Эркинов эса “Янгиер” ва “Турон” дарвозаларига айнан пенальтидан гол урди.
4 та ўйинда “Андижон”нинг 9 нафар футболчиси сариқ карточка билан “сийланди”. Шу билан бирга 1 та қизил карточкага ҳам “эга бўлди”. Куни кеча “Турон”га қарши баҳсда ярим ҳимоячи Муҳаммадкарим Тоиров иккинчи сариқ карточка туфайли майдондан четлатилди. Аҳмаджон Анваров, Горон Милочко, Владимир Бубанья (2 марта), Маликшоҳ Расулов, Илҳом Алижонов (2 марта), Шаҳбоз Эркинов ва Муҳаммадкарим Тоиров сариқ карточкалар билан жазоланди.
“Бобур Арена”да томошабинлар ташрифи ҳам аста-секин кўтариляпти. Масалан, “Сўғдиёна” билан ўйинни 2952 нафар мухлис стадиондан кузатди ва бу рақам ҳозиргача энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди. Сафарда “Турон” майдонидаги баҳсда эса жамоани 500 дан зиёд ишқибозлар бевосита стадионда қўллаб-қувватлашди.
Шунингдек, “Андижон” жамоасининг ҳар бир ўйини учун энг яхши футболчиларни аниқлаш бўйича мухлислар ўртасида сўровнома ўтказиб келинмоқда.
Ёдингизда бўлса, ушбу сўровноманинг умумий натижаларига кўра, илк бор Элдор Адҳамов март ойининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди. Апрель ойида ҳам мазкур жараён давом эттирилди.
“Андижон”нинг ўтган ойдаги тўртта учрашувидан келиб чиқиб барча йиғилган овозлар ҳисоблаб чиқилди. Унга кўра, “Андижон” жамоасининг апрель ойидаги энг яхши футболчиси сифатида Илдар Маматказин эътироф этилди.
Жамоа аъзолари ўз қароргоҳида “Машъал”га қарши ўйин учун тайёргарликни бошладилар. Айнан машғулотдан олдин ойнинг энг яхши футболчиси учун жорий этилган ўзига хос статуэткани Маматказин бош мураббий Виктор Кумиковдан қабул қилиб олди.
Тажрибали ҳимоячи барчаси бўлиб 860 та овозга эга бўлди. Ундан кейинги ўрин Шаҳбоз Эркиновга насиб қилган бўлиб, унинг ҳисобида 690 та овоз мавжуд.
Сўровнома натижаларига кўра юқори бешталик қуйидаги кўринишда:
1. Илдар Маматказин 860 та овоз
2. Шаҳбоз Эркинов 690
3. Фарҳод Соҳибжонов 423
4. Муҳаммадкарим Тоиров 227
5. Хуршид Ходжаев 200
Энди навбат май ойидаги ўйинларга келди. Олдинда “Андижон”ни 7 май санасида “Машъал”га қарши жуда муҳим ўйин кутяпти.
Фикрлар