"Андижон" қилган ишни биз қила олмаймизми?" - "Қўқон-1912" футболчиси Ашурматов қандай мотивация бергани, 18 йиллик қора анъананинг бузилиши ва "Пахтакор"га урилган 4 та гол ҳақида

“Қўқон-1912” жамоаси учун 21-турдаги ўйин унутилмас бўлиб қолди. Сабаби, Бахтиёр Ашурматов шогирдлари амалдаги чемпион – “Пахтакор”га қарши майдонга тушди. Учрашувдан аввал, ҳеч ким майдон эгаларининг тўртта гол уришини кутмаганди. Лекин “Қўқон-1912” футболчилари бу ишни амалда уддалай олишларини исботлади. “Пахтакор” эса “Андижон”дан кейин иккинчи мағлубиятини Қўқонда қабул қилиб олди.

Мезбонларнинг андижонлик футболчиси Сардор Азимов “Пахтакор” билан ўйинда захирадан майдонга тушиб жамоасининг тўртинчи голини урди ва ўйинга нуқта қўйди. Ушбу футболчи Sports.uzга ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашар экан, аввало учрашув тўғрисидаги таассуротлари ҳақида гапирди.

- Ўйиндан олдин бош мураббийимиз – Бахтиёр ака Ашурматов бизга жамоамиз 18 йилдан бери “Пахтакор”ни ютмаётганини, энди тарихни янгилаш вақти келди, бу қора анъанага барҳам беришимиз зарур, деб бизни руҳлантирди. Масалан, “Металлург”ни ҳам анчадан бери юта олмаётгандик. Бу сафар Бекободда ғалаба қозондик. Энди “Пахтакор”га навбат келганини айтган ҳолда мураббий бизга катта мотивация берди. Жамоа яхши руҳланиб майдонга тушди ва илк дақиқаларданоқ ғалаба иштиёқида ўйнай бошладик.

азимов2

Бу оддий ғалаба эмас. Чунки рақиб амалдаги чемпион ва биринчи ўринда бораётган “Пахтакор” эди. Қолаверса, Азимов юқорида айтганидек, қўқонликлар 18 йилдан бери бу жамоа устидан ғалаба қозона олмаётганди. Ўйиннинг ҳарорати ҳам баланд бўлди. Айниқса, “Пахтакор” 2:0 ни 2:2 га айлантирганидан кейин кўпчилик энди меҳмонлар ғалабани илиб кетишини тахмин қилаётганди. Бироқ “Қўқон-1912” яна ўйинга қайта олди. Бу жамоанинг кучли характер ва иродасидан дарак. Бу хусусида Азимов шундай деди:

- Тўғрисини айтсам, иккинчи голни ўтказиб юборишимизда мендан ҳам бироз хатолик ўтди ва бунда ўзимни айбдор ҳис қилдим. Натижада хатони тўғрилашим шартлигини тушуниб тургандим. Худога шукрки, Бамба гол урганидан кейин янада руҳланиб кетдик. Учинчи голнинг ортидан тўртинчисини ҳам урдик. “Пахтакор” эса ўз дарвозасидан учинчи голни ўтказгач, руҳан синиб қолди. Ҳар ҳолда мен шунақа деб ўйлайман.

Сардор ўйинни асосий таркибда бошлагани йўқ. Бош мураббий уни иккинчи бўлимда ўйинни кучайтириш учун туширди ва топқирлиги иш берди. Футболчи мураббийнинг ишончини қозониб тўртинчи голга муаллифлик қилди...

азимов1

- Ўтган йили Тошкентда “Пахтакор”га 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрагандик. Эсимда, ўша учрашувда мен жуда қулай имкониятдан фойдалана олмагандим. Бирга-бир вазиятдан гол ура олмай қолганман. Ўшанда зўр имкониятдан гол ура олмаганим ўзимга ёмон таъсир қилганди. Бу сафар эса захирадан майдонга тушаётганимда ўша қулай имкониятдан фойдалана олмаганим учун бугунги ўйинда бунинг аламини оламан, деган ниятим бор эди. “Пахтакор” дарвозасига гол ургач, ўтган йилги хатомни тўғриладим, деб ўйлайман, - дейди Сардор.

Тан олиш керак, қўқонликлар кеча зўр ўйин кўрсатишди. Бу биз билган олдинги “Қўқон-1912” эмасди. Футболчиларнинг кўзи ёниб турди. Ўйини ҳам яхши чиқди. Мана, ўйнаса бўлар экан-а? Қизиқ, жамоа нега ҳар бир учрашувни шундай ўтказмайди? Бу саволга Азимов ўз муносабатини билдирди.  

- Ўзимиз ҳам бундай натижани кутмагандик. Менимча, ҳаммада ҳам шунақа бўлса керак. Яъни, ҳар бир жамоа чемпионга қарши икки баробар кўпроқ куч билан ўйнайди. Бизда ҳам худди шундай бўлди. “Пахтакор”га қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатиш иштиёқимиз кучли эди. Барибир чемпионни таслим қилиш бошқача бўларкан. Бахтиёр ака Ашурматов учрашувдан аввал “Андижон” қилган ишни биз қила олмаймизми, энди бизни навбатимиз келди деди. Чиндан ҳам энди бизнинг навбатимиз келган экан, “Пахтакор”ни ютдик. Учрашувдан кейинги таассуротларимиз ҳам юқори даражада бўлди. Мураббийлар ҳам хурсанд эди. Мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди. “Пахтакор”ни мағлубиятга учратиш орқали ҳаммага ишонч бағишлаганимизни мураббийимиз айтиб ўтди.

азимов3

Дарвоқе, “Пахтакор”нинг кўрсатган ўйини ҳам таҳлил қилиняпти. Жамоа нега бундай ўйнагани, нима учун ўз дарвозасидан тўртта гол ўтказиб юборгани ҳайрон қолдиряпти. Ёки “Пахтакор” суст ўйнадими?

- “Пахтакор” бизга қарши кучсиз ўйнади, демаган бўлардим. Бу ҳар бир жамоада учраб турадиган ҳолат. Ҳар доим ҳам бир текис кетавермайди. “Пахтакор”да йўқотадиган ҳеч нима йўқ, таъқибчиларидан анча илгарилаб кетган. Бизнинг олдимизга эса кучли бешталикка кириш вазифаси қўйилганди. Шунинг учун қаттиқ ҳаракат қиляпмиз. Бу борадаги рақобат ҳам кучли. Чунки олдимиздаги рақиблар ҳам жиддий курашишяпти. Ҳар бир йўқотилган очко бизга қимматга тушяпти. Лекин жамоамиз учун орқага йўл йўқ. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар очколаримизни жамғаришимиз керак. “Пахтакор” бизга қарши бўшашгани йўқ. Уларда профессионаллар йиғилган. Футболчилари ҳар доим кучлилигини кўрсатишга ҳаракат қилади. Шу боис икки йилдан бери чемпион бўлиб келяпти. Яна қайтараман, рақиб суст ўйнади деб ўйламайман. Биз кейинги учрашувни “Сўғдиёна”га қарши ўтказамиз. Бизда осон ўйиннинг ўзи қолгани йўқ. Ҳар бири жуда қийин кечади. Кейинги турларда “Локомотив”, АГМК каби жамоаларга қарши ўйнаймиз. Кўриб турганингиздек, асосий рақобатчиларимизга қарши майдонга тушамиз, - дея фикрини якунлади Азимов.   

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!