"Андижон" Қирғизистонга боради ёхуд "Бургутлар"ни сентябрда қандай ўйинлар кутмоқда?
"Андижон" клубини мазкур ойда жуда қизғин тақвим режаси кутмоқда. Жумладан, Мустақиллик байрамидан кейин "Андижон" U 16 қизлар жамоаси ушбу ойдаги ўйинлар кетма-кетлигини бошлаб берди ва қўқонлик қизлар дарвозасига жавобсиз 9 та гол урдилар.
“Андижон” U19 жамоаси ҳам машғулотларга киришди. 5 сентябрдан эса асосий жамоа аъзолари ҳам тайёргарлик жараёнини бошлайди. 4 сентябрдан водийлик футболчилар Андижонда, тошкентлик ўйинчилар Тошкентда шуғулланишади ва эртадан барчаси Андижонда жам бўладилар. U21 жамоаси эса 6 сентябрдан йиғинини бошлашади.
6 сентябрь санасида “Андижон” U19 Андижон вилояти болалар ўсмирлар футбол мактабининг 2007 йилда туғилган жамоаси билан ўртоқлик учрашуви мўлжалланган. Шу билан бирга “Андижон” U19 яна бир ўртоқлик ўйинини 9 сентябрь куни “Андижон” U21 га қарши ўтказади. Бундан ташқари, яна бошқа ўртоқлик ўйинлари мўлжалланган.
10 сентябрь санасида эса асосий жамоа Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрига йўл олади. У ерда Қирғизистон премьер-лигаси вакили “Мурас Юнайтед” ва “Андижон” иштирокида халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Қолаверса, у ерга ташриф доирасида яқинда очилган “Барселона” академияси билан танишув жараёни бўлади. “Мурас Юнайтед” ва “Андижон” учрашуви “Курманбек” стадионида 16:00 га белгиланган. Айни пайтда ушбу клубга россиялик Валерий Берозовский бош мураббийлик қиляпти. Жамоа сардори эса Қирғизистон терма жамоаси етакчиларидан бири Бахтиёр Дуйшобеков. Таркибида Озарбайжон, Нигерия, Россия, Қозоғистондан легионерлар бор. Бу албатта ўзига яраша қизиқарли ўйин бўлиши табиий.
Яна "Андижон" жамоаларининг сентябрь ойидаги ўйинлар жадвалига тўхталадиган бўлсак, 11 сентябрга “Андижанка” U16 ҳамда “Навбаҳор” U16 қизлари иштирокида чемпионат ўйини ўтказилади. Орадан икки кун ўтиб U19 жамоаси ҳам чемпионат доирасида “Ғиждувон” U19 ни қабул қилади. 15 сентябрга эса “Турон-W U16 ва “Андижанка” U16 қизларининг ўзаро учрашуви белгиланганди. Аммо мазкур беллашув олдинроқ, яъни, 7 сентябрь куни бўлиб ўтади. Бундан ташқари, 18 сентябрга ҳам ўйин режалаштирилган бўлиб, "Андижанка" U16 қизлари “Тошлоқ” U16 билан беллашади.
Александр Хомяков бошчилигидаги асосий жамоа чемпионатнинг навбатдаги турига тайёргарлик кўриш давомида юқорида тўхталганимиздек, Қирғизистонга бориб келади ва машғулотларни ўз қароргоҳида давом эттиради. 16 сентябрга "Андижон" яна бир ўртоқлик учрашувини ўтказади. Бу сафар “Бобур Арена”да “Нефтчи”га қарши назорат ўйини режалаштирилган. Шу тахлит “Бургутлар”нинг бўлажак баҳсга тайёргарлиги давом этади. Биласиз, жамоани водий дербисида “Навбаҳор”га қарши муҳим ўйини бор. Шунингдек, сентябрь ойи охирида “Металлург” билан учрашув ҳам кутмоқда.
Кўриб турганингиздек, “Андижон” жамоаси сентябрда жуда зич график асосида ўз ўйинларини ўтказади.
Фикрлар