"Андижон" сафарда "Пахтакор"ни тўхтатди. Буни қандай уддалади?
Суперлиганинг қолдирилган 8-тур баҳслари “Пахтакор” – “Андижон” ўртасидаги ўйин билан бошланди. Ушбу жамоалар қарама-қаршилигига бир нечта омиллар туфайли ҳам қизиқиш катта эди. Суперлигада кетма-кет 9 ўйиндан бери ғалабали сериясини давом эттириб келаётган амалдаги чемпионнинг ушбу юришини биринчи давра охирида “Андижон” жамоаси тўхтатишга эришди. Ўз навбатида “Бургутлар” бунгача 4 та учрашувдан бери фақат ғалаба қозониб келаётганди ва мағлубиятсиз сериясини “Пахтакор”га қарши учрашувда ҳам давом эттира олди.
Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади, бироқ дарвозалар олдида голли имкониятлар яратилгани билан ҳам ёдда қолди. Шунингдек, 22-дақиқада “Бургутлар”нинг грузиялик легионери Нодари Кавтарадзе кутилмаганда тиззасидан жароҳат олиб мажбурий ўзгаришга қўл урилди. Унгача эса айнан Нодарининг хавфли зарбасини “Пахтакор” посбони Санжар Қувватов аранг қайтариб қолганди. Беллашувдаги асосий воқеалар танаффусдан кейин юз берди.
Ғалаба учун бор имкониятини ишга солган “Пахтакор” 53-дақиқада Ҳожиакбар Алижоновнинг голидан кейин ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бу вазиятда жарима зарбасидан кейин қайтган тўпни Ҳожиакбар дарвозага жойлаб қўйди – 1:0.
Бу ўйинда бугунги кунда Суперлига тўпурарлар рўйхатида 1- ва 2-ўринларда бораётган Драган Черан ҳамда Рубин Хебай ўртасида ҳам ўзига хос соғлом рақобат мавжуд эди. Адолат нуқтаи назаридан айтиш керакки, ушбу рақобатда “Андижон”нинг албаниялик ҳужумчиси устун келди. Чунки 78-дақиқада у “Пахтакор” дарвозасига шундай гол урдики, бу ҳар қандай ўйиннинг безагига айлана олади. Сардор Абдунабиев рақибларини чалғитиб Хебайни тўп билан таъминлади. Рубин эса биринчи гол муаллифи Ҳожиакбар Алижоновни “кўрдим” демасдан ўзининг финтида алдаб ўтди ва жарима майдони ташқарисидан дарвозанинг юқори бурчагига аниқ зарба йўллади – 1:1. Энди Хебай Черанга тенглашиб олди – 9 та гол ва иккаласи пешқадамлик қилишмоқда.
Бу голдан кейин андижонликлар яна “Пахтакор” дарвозасини ишғол қилиш учун хавфли рейдларни уюштиришда давом этди. Айниқса, учрашув охирларида Шерзод Эсанов жарима майдони ичида дарвозабон билан деярли бирга-бир вазиятга чиқди. Бироқ “Пахтакор” посбони жамоасини голдан сақлаб қолди. Акс ҳолда мағлубиятга учраши ҳеч гап эмасди.
Хуллас, учрашув 1:1 ҳисобида якунланди ва “Пахтакор”нинг ғалабали сериясига “Андижон” жамоаси чек қўя олди. Дарвоқе, бунгача чемпионатда ҳали дуранг нималигини билмай келаётган икки клуб қолганди – “Пахтакор” билан “Андижон. Буни қарангки, биринчи давранинг сўнгги турида ушбу жамоалар муроса кўчасиин танладилар.
Бундан ташқари, учрашув бош ҳаками Вадим Агишевнинг бу фаолиятидаги охирги ўйини бўлиб қолди. Натижада учрашувдан кейин иккала жамоа аъзолари Агишев учун жонли коридор ташкил қилдилар. Ҳа, айтганча, “Андижон” чемпионатдаги илк турида Қаршида “Насаф”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган учрашувида ҳам Агишев бош ҳакамлик қилганди. Биринчи давранинг охирги учрашувида ҳам у “Андижон” иштирокидаги баҳсни бошқарди ва шу билан фаолиятини якунлади.
“Андижон” эса “Пахтакор”нинг ғалабали юришига чек қўя олди ва ўз ўйини билан потенциали юқори эканлигини яна бир карра исботлади. Андижондан келган кўплаб мухлислар эса севимли жамоасининг кўрсатган ўйини ва натижадан мамнун ҳолда учрашувдан кейин футболчиларни қарсаклар билан кузатиб қўйишди. Шунингдек, "Андижон" охирги марта 2010 йили "Пахтакор" майдонидан дуранг билан қайтганди. Орадан 13 йил ўтиб ушбу натижа такрорланди.
“Пахтакор” – “Андижон” – 1:1 (0:0).
29 июнь. Тошкент. “Пахтакор” марказий стадиони. 3216 томошабин.
Ҳакамлар: Вадим Агишев, Ислом Азимов, Шохруҳ Аъзамов.
Назоратчи: Тимур Галеев.
Комиссар: Саид Шохруҳ.
“Пахтакор”: Санжар Қувватов, Ҳожиакбар Алижонов, Достон Турсунов, Одил Ҳамробеков, Фарруҳ Сайфиев, Сардор Собирхўжаев (Шахзод Азмиддинов, 81), Азиз Турғунбоев (Пўлатхўжа Холдорхонов, 62), Аббос Файзуллаев, Диёр Холматов, Достон Ҳамдамов (Дилшод Саитов, 46), Драган Черан.
“Андижон”: Игорь Литовка, Дилшод Комилов, Абдураҳмон Комилов, Илдар Маматказин, Илҳом Алижонов, Муҳаммадкарим Тоиров (Шерзод Эсанов, 60), Фарҳод Бекмуротов (Илҳом Абдуғаниев, 60), Леван Арвеладзе, Нодари Кавтарадзе (Сардор Абдунабиев, 22), Фарҳод Соҳибжонов, Рубин Хебай (Бобур Фарҳодов, 90+4).
Голлар: Ҳожиакбар Алижонов, 53 – 1:0. Рубин Хебай, 78 – 1:1.
Фикрлар