"Андижон" Суперлиганинг 1-турида "Локомотив"га қарши ёшлар жамоаси билан ўйнаши мумкин. Бунга жиддий сабаб бор

Хабарингиз бор кеча “Андижон” жамоаси оғир молиявий аҳволда қолаётгани ва шу боис андижонлик мухлислар жамоанинг бош ҳомийси ҳисобланган "Узавтосаноат" АК бошкарув раиси Шавкат Умурзақовга видеомурожаат йўллашгани ҳақида хабар бериб ўтган эдик.

Сўнгги маълумотларга қараганда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “Андижон” клуби футболчиларини янги мавсум учун қайдномадан ўтказмаган. Сабаби, жамоанинг ўтган йиллардаги қарзлари бартараф этилмагунича бу иш амалга оширилмайди.

"Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмита Андижон футбол клубига янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш масаласида тақиқ қўйди. Клубга бир неча марта муддат берилганига қарамай, қарздорликлар масаласи ҳал этилмаган. Андижон футбол клубининг нафақат ўз футболчилари, балки бошқа клублар ва ташкилотлардан ҳам қарзлари тўпланиб қолган.

Агар Андижон 7 март санасига қадар барча қарздорликларини бартараф этса, шу сананинг 23:59 вақтига қадар янги футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Мазкур санага қадар улгурилмаса, қўмита клубга нисбатан кейинги чораларни қўллайди", - деб ёзади ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжеав.

Эслатиб ўтамиз, "Андижон" Суперлиганинг илк турини 28 февраль куни сафарда "Локомотив"га қарши ўтказади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Мурад Тулкинбаев
18/02/2020 20:52
Хомий буме улиш. Яна шевролетмиш минглаб футбол ишкибозлари каргишига коласанлар