"Андижон" тарихни ўзгартирди ёхуд "Бургутлар" "Шерлар"ни қандай махв этди?

  • 13 апрель, 23:42
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

“Андижон” клубининг Тошкентда “Пахтакор”га қарши ўйинига тайёргарлиги жуда юқори даражада бўлди. Бу учрашувнинг энг аҳамиятли томони шунда эдики, “Бургутлар” ҳали Ўзбекистон чемпионатида Тошкентда “Пахтакор” майдонида ғалаба нашидасини сурмаганди ва тарихни янгилаш мақсадида Александр Хомяков ўз футболчиларини мазкур ўйинга пухта тайёрлаб, етарлича руҳлантира олди.

Бундан ташқари, “Андижон” фан-клуби, “Ултрас Бургут” ҳам жамоа билан теппа-тенг равишда “Пахтакор”га қарши баҳсга муносиб ҳозирлик кўрди. Кутилганидек, “Жар” стадиони андижонлик минглаб мухлисларнинг аудиторияси, бетакрор қўллаб-қувватлашлари фонида салкам “Бобур арена”га айланди. “Жар” стадионида 3000-4000 минг атрофида андижонлик ишқибозларнинг тинимсиз олқишлаши футболчиларга катта мотивация берди.

Ўйин эҳтиёткорлик билан бошланди. Ўз уйида ўйнаётгани учун “Пахтакор” дастлабки дақиқалардан хавфли ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилди. Бироқ меҳмонлар рақибнинг ҳужумларини бартараф қилиб, тезкорлик билан мезбон дарвозаси олдида голли имкониятлар яратиш пайида бўлди. Лекин учрашувнинг асосий воқеалари танаффусдан кейин юз берди.

Биринчи бўлимда рақибни яхши “ўқиган” Хомяков танаффус чоғида футболчиларга жуда муҳим ва керакли кўрсатмаларни берди. Натижада иккинчи бўлимда “Андижон” ўйинига янада қўшди ва рақибнинг ожиз нуқталарини топа олди.

Аввалига Бектемир Абдуманноновнинг рейдидан кейин кучли зарба йўллади. Дарвозабон қайтарган пайтда Дониёр Абдуманнопов жарима майдони ичида керакли пайтда бўлди ва ўзининг иккинчи уринишдан сўнг рақиб дарвозасини ишғол қилди. Орадан 6 дақиқа ўтганидан сўнг андижонлик мухлислар “Жар” стадионини яна ларзага келтирдилар. Алтин Крезиунинг бурчак зарбасидан қойилмақом тўп узатишидан сўнг Рустам Турдимуродов боши билан дарвозани нишонга олди. “Пахтакор” 67-дақиқада Сергеевнинг голи билан жавоб қайтарган бўлса, 80-дақиқада “Андижон” яна гол урди. Крезиу стандарт вазиятдан усталик билан тўпни рақиб жарима майдонига узатган чоғида черногориялик Лука Ускокович боши билан дарвоза тўрини нишонга олди. Учрашувдаги якуний гол “Пахтакор” томонидан киритилди. Бироқ бу ҳам “Бургутлар”нинг унутилмас ғалабаси йўлига ғов бўла олмади.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, “Андижон” бош мураббийи Александр Хомяков “Пахтакор”га қарши жуда ақлли юришни амалга оширди. Рақиб мураббийининг қилган ўзгаришларига “Андижон” устози тактик томонлама тўғри ёндашув қила олди. Айнан бош мураббийнинг имзоси бутун ўйин давомида сезилиб турди.

“Андижон” эса ниҳоят тарихни янгилай олди ва “Пахтакор” майдонидан ғалаба қозона олишини исботлади. Исботлаганда ҳам “Бургутлар” “Шерлар” дарвозасига учта гол уришга муваффақ бўлди. “Андижон” ва унинг мухлислари дарҳақиқат топ даражада!

“Пахтакор” – “Андижон” – 2:3 (0:0).

13 апрель. Тошкент. “Жар” стадиони. 7250 томошабин.

Ҳакамлар: Найим Қосимов, Зуфар Элибоев, Шохнур Йўлдошев.

Захира ҳаками: Сардор Миродилов

ВАР: Равшан Абдувоҳидов

АВАР: Шерзод Аъзамов

Назоратчи: Бобур Ҳайдаров

Комиссар: Қудрат Мадраимов

“Пахтакор”: Жонатан, Абдулла Абдуллаев, Муҳаммадрасул Абдумажидов, Ҳожиакбар Алижонов, Маҳмуджон Махамаджонов (Умар Адҳамзода, 89), Жонатан Лукка, Сардор Собирхўжаев, Фламарион (Достон Ҳамдамов, 89), Муҳаммадали Ўринбоев (Улуғбек Ҳошимов, 78), Игорь Сегеев, Отабек Жўрақўзиев (Башар Ресан, 66).

“Андижон”: Элдор Адҳамов, Абдулвоҳид Ғуломов, Олег Зотеев (Дамир Темиров, 80), Миомир Журичкович, Лука Ускокович, Алтин Крезиу, Илҳом Абдуғаниев (Ислом Маматказин, 72), Искандар Шойқулов (Абдураҳмон Комилов, 80), Бектемир Абдуманнонов (Фарҳод Соҳибжонов, 90+2), Дониёр Абдуманнопов (Усмон Исмоналиев, 72), Рустам Турдимуродов.

Голлар: Дониёр Абдуманнопов, 54 – 0:1. Рустам Турдимуродов, 60 – 0:2. Игорь Сергеев, 67 - 1:2. Лука Ускокович, 80 – 1:3. Башар Ресан, 84 – 2:3.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!