"Андижон" Тожикистон чемпионатида "Истиқлол"дан кейинги ўринда бораётган жамоа билан ўйнайди

Тожикистон йиғин доирасида “Андижон” 14 июнь куни навбатдаги ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Бу сафар жамоа Хўжанднинг “Эсхата” клуби билан беллашади.

Маълумот учун, айни чоғда ушбу жамоа Тожикистон олий лигасида “Истиқлол”дан кейин 2-ўринни эгаллаб турибди. “Эсхата” 12 та ўйинда 7 ғалаба, 1 дуранг ва 4 мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати эса 17/12. Ҳисобида 22 очко бор.

3 июнь куни Тожикистон олий лигасининг 13-турида “Эсхата” сафарда Кулобнинг “Равшан” жамоаси дарвозасига жавобсиз 3 та гол урган ҳолда ғалаба қозонди. Роман Хибаба, Дилшод Каримов ва Олимжон Каримов томонидан киритилган голлар “Эсхата”га уч очко келтирди.

Шунингдек, “Эсхата”да ўзбекистонлик футболчилар ҳам тўп суришади. Узоқ йиллар давомида “Шўртан” шарафини ҳимоя қилган Олимжон Каримов, илгари “Бунёдкор”да ўйнаган Санжар Рихсибоев бугунги кунда мазкур клуб шарафини ҳимоя қилишяпти. Қолаверса, яна бир ўзбекистонлик ўйинчи Шахзод Маъмуржонов ҳам “Эсхата”да тўп сурмоқда. Клубда ҳамюртларимиздан ташқари яна икки нафар легионер бўлиб, булар – россиялик дарвозабон Вячеслав Шевченко ҳамда ҳимоячи Роман Хибаба. Айнан “Равшан” жамоасига қарши беллашувда Хибаба беллашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Дарвоқе, “Эсхата” бош мураббийи сифатида россиялик Игорь Суров фаолият олиб боряпти. Шу йилнинг 16 ноябрь куни 38 ёшини қаршилайдиган Игорь Александрович “Эсхата”да ўтган йилдан бери фаолият кўрсатиб келяпти.

"Андижон"нинг “Эсхата”га қарши учрашуви мезбонларнинг “Спартак” номли стадионида бўлиб ўтади. Ўйин 18:00 да бошланади.

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
14/06/2023 09:11
Андижонга галаба тилаймен х,аттоки у'рток,лик у'йини бу'лса х,ам