"Андижон" Туркияда яна бир номдор жамоага қарши ўйнайди. Бу сафарги рақиб - Осиё чемпиони!

Маълумки, “Андижон” жамоаси 2024 йилги мавсумга тайёгарлик кўриш жараёнида хориж йиғини сифатида Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот жараёнларини олиб бориши кўзда тутилган.

Олдиндан маълум қилиб ўтганимиздек, “Андижон” асосан номдор ва тажрибали рақибларга қарши ўйинларга урғу қаратмоқда ва навбатдаги спарринг-рақиб ҳам аниқ бўлди. Унга кўра, “Андижон” 27 январь куни Жанубий Корея олимпия терма жамоасига қарши майдонга тушади.

андижон корея

Жанубий Корея олимпия терма жамоаси ўзига яраша жуда кучли. Узоққа бормайликда, шу йили Хитойда бўлиб ўтган Осиё ўйинларини эслаш кифоя. Футбол мусобақасида айнан Жанубий Корея олимпия терма жамоаси мусобақа ғолиблигини қўлга киритганди. Ўшанда ҳал қилувчи финалда Японияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб Осиё ўйинлари ғолибига айланган.

Айни пайтда Жанубий Корея олимпия терма жамоасини 55 ёшли тажрибали мутахассис Сун Хон Хванг бошқариб бормоқда. Ушбу мутахассис жамоасини чемпионлик сари етаклади.

андижон корея2

Осиё ўйинлари ғолиби – Жанубий Корея келаси йилнинг 15 апрель – 3 май кунлари Қатарда бўлиб ўтадиган U23 Осиё Кубогига тайёргарлик кўрмоқда. Улар қуръага кўра, “В” гуруҳида Япония, БАА ва Хитой термаларига қарши ўйнайди.

Дарвоқе, Жанубий Корея олимпия терма жамоаси 21 ноябрь куни Тьерри Анри бошчилигидаги Франция U21 терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шунингдек, кореяликлар сафида миллий терма жамоа ўйинчилари ҳам борлигини таъкидлаш даркор. Ҳозирда Жанубий Корея футболининг бўлажак юлдузларидан бири Ли Кан Ин ПСЖ сафида тўп сурмоқда. Ушбу ҳужумкор футболчи Жанубий Корея олимпия терма жамоаси билан Осиё ўйинларида ғолиб чиқди. Қолаверса, олимпия термаси сафида миллий термага номзод бўлган бошқа легионерлар ҳам бор. Жумладан, ҳужумчилар - Хюн Гю Ох, Янг Хюн Жун ҳамда ярим ҳимоячи Кеок Кю Квон (учаласи) Шотландиянинг “Селтик” таркибида ўйнашмоқда. АҚШнинг “Миннисота Юнайтед” таркибида эса ярим ҳимоячи Санг Бин Жеонг фаолият олиб бормоқда. Англиянинг “Бренфорд” сафида ҳимоячи Ким Жи Су тўп суряпти. Яна бир ҳимоячи Хан Беом Ли эса Даниянинг “Митьюлланд” клуби аъзоси.

андижон корея1

Хуллас, “Андижон” клуби Анталияда Жанубий Корея олимпия терма жамоасига қарши майдонга тушади ва бу ҳам барчанинг катта қизиқишига сабаб бўлиши шубҳасиз. Олдин хабар қилиб ўтганимиздек, Россия премьер-лигаси етакчиларидан бири ЦСКА (1 февраль) ва Украина премьер-лигаси вакиллари - “Черноморец” (4 февраль) билан “Александрия” (12 февраль) жамоаларига қарши учрашувлар ҳам ўтказилади. Туркиядаги йиғин давомида яна қолган рақиблар номи ҳам яқин орада аниқланади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!