"Андижон U-21" жамоасига техник мағлубият ёзилди. Чунки...

Бугун Андижонда "Андижон U-21" - "Турон U-21" жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтиши лозим эди. Лекин мазкур ўйин ўтказилмади ва мезбонларга техник мағлубият ёзилди. Бу хусусида ЎзПФЛ матбуот хизмати расмий равишда қуйидагича хабар берди: 

U-21 чемпионати 13-тур доирасидан ўрин олган “Андижон” – “Турон” учрашуви мезбон клубнинг ўйин ўтадиган стадионнинг учрашувга тайёрлигини тасдиқловчи далолатномани тақдим этмагани сабабли ўтказилмади. Мусобақалар Регламенти 4.4 бандида ўйин ўтадиган кундан бир кун аввал мезбон клуб ЎзПФЛ комиссарига стадионнинг учрашувга тайёрлиги тўғрисида далолатнома тақдим этиши кўрсатиб ўтилган.

Бироқ “Андижон” футбол клуби бу борада сусткашликка йўл қўйди ва бунинг натижасида Мусобақалар Регламентининг футбол учрашувларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги 17-бобида кўрсатилганидек, учрашувни белгиланган вақтда ўтказишнинг имкони бўлмаса, ЎзПФЛ комиссияси барча тафсилотларни ўрганиб чиқиб, сўнг ушбу учрашув бўйича қарор қабул қилди. Жадвалда белгиланган учрашув кечиктирилишида айбдор клуб ЎФА “интизом кодекси”га мувофиқ жазоланади.

Шу сабабли U-21 чемпионати 13-тур доирасидаги “Андижон” – “Турон” учрашувида андижонликларга техник мағлубият ёзилди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!