"Андижон" унинг тимсолида ҳақиқий профессионал ва етакчини қўлга киритди" - "Акрон" сардори SPORTS.UZ сайтига интервью берди
Бу йил Россия премьер-лигасида дебют мавсумини ўтказаётган “Акрон” клуби энди ўзбек мухлислари ва мутахассислари учун анча эътиборли жамоага айланди. Сабабини билсангиз керак, у ерда ҳамюртимиз Шерзод Эсанов яқиндан бошлаб тўп суриб келмоқда.
Легионеримизни янги клубга мослашишида жамоадошлари, хусусан “Акрон” етакчиси ҳамда сардори Максим Палиенко ҳам кўмаклашиб келяпти. 30 ёшли ярим ҳимоячи уч йилдан бери “Акрон” шарафини ҳимоя қиляпти. Қолаверса, у “Оренбург”, “Нижний Новгород”, “Крилья Советов”, “Тосно” ва яна бир қатор клубларда фаолият олиб борган.
Яқинда “Акрон” Россия Кубоги гуруҳ босқичида сафарда “Факел”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Палиенко пенальтидан гол урди. Ўша пенальтини эса футболчимиз Эсанов ишлаб берди.
Куни кеча Sports.uz журналисти Максим Палиенко билан боғланди ва ундан эксклюзив интервью олди.
- Максим Кубокдаги ғалаба билан табриклайман. Сиз Эсанов ишлаган пенальтидан гол урдингиз. Бизнинг футболчимиз мослашиб кетдими?
- Катта раҳмат. Ҳа, Шерзод бутун ўйинни майдонда ўтказди. Ўйлайманки, у кун сайин майдонда ҳам ва унинг ташқарисида ҳам ўзини тобора яхши ҳис қилиб бормоқда. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам унга янги шарт-шароит ва талабларга кўникиши учун вақт керак, деб ҳисоблайман.
- Шерзодни жамоа қандай қабул қилиб олди? У ҳақида фикрингиз қандай?
- Шерзодни қабул қилиш борасида бизда ҳеч қанақа муаммо бўлмади. Бизда доим яхши жамоа бўлган. Кийимхонадаги муҳит ҳам жойида. Сафимизга ўзбекистонлик йигит келаётганидан хабарим бор эди. Чунки Вагиз Галиулин билан бу масалада гаплашгандим. Шерзод келган заҳоти мен унга ёрдам керак бўлса, ҳар қандай масалада ёрдам беришга тайёрлигимни айтдим. Шерзод иқтидорли йигит. Аммо боя айтганимдек, янги талабларга кўникиши ва мослашиши учун унга бироз вақт керак.
- Шунингдек, Вагиз Галиулин билан яхши муносабатдасиз. У билан тез-тез гаплашиб турасизми? Ҳозир “Андижон”да тўп суряпти...
- Ҳа, Вагиз билан бир-биримизни анчадан бери биламиз. Тўғри, аҳён-аҳёнда гаплашамиз. Лекин керак пайтда доимо алоқадамиз. Шу боисдан айтишим мумкинки, “Андижон” унинг тимсолида ҳақиқий профессонал ва етакчи ўйинчини ҳамда энг асосийси, яхши инсонни қўлга киритди.
- Фаолиятингизни Ўзбекистон чемпионатида давом эттириш имконияти бўлганми?
- Фаолиятимни Ўзбекистонда давом эттириш масаласидаги таклифларга келсак, ҳозир бу борада ҳеч нарса дея олмайман. Чунки бутун диққат-эътиборим “Акрон”даги фаолиятимга қаратилган. Лекин сизларнинг маданиятингиз ҳақида етарлича эшитганман ҳамда аксар фикрлар фақат ижобий. Боз устига чемпионатингизда Россиядан келган футболчилар ҳам ўйнашяпти.
- Яна қайси ўзбек футболчилари билан яхши муносабатдасиз?
- Аслида ҳам мен Вагиз билан жуда яхши алоқани сақлаб келяпман. Ҳар қандай масалада бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Энди эса Шерзод Эсанов билан ҳам шундай ҳолат юз беришига шубҳам йўқ.
- Ўзбек футболи ва унинг чемпионатини кузатиб турасизми?
- Чемпионатингиз доирасидаги ўйинларни тўлиқ кўриш имконига эга бўлмадим. Бироқ вақти-вақти билан натижалар ва мусобақа жадвалингиз билан қизиқиб тураман. Нега деганда чемпионатингизда мен учун яхши таниш бўлган кўплаб футболчилар тўп суришяпти.
- “Акрон” Россия премьер-лигасидаги дебют мавсумида сюрприз кўрсата оладими?
- Сиз учун сюрприз нимани англатади? Биз ҳар доим олдинга назар ташлаймиз ва юқори натижаларни мақсад сифатида қўямиз. Ҳар бир учрашувга худди охирги ўйинга тушгандек майдонга чиқамиз. Ўйлайманки, ҳар қандай рақибга бизга қарши тўп суриш осон эмаслигини аллақачон исботлаб берганмиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар