"Андижон" услубини ўзлаштириб олаётган "Арсенал"

АПЛнинг 14-тур доирасида бўлиб ўтган "Арсенал" - "Манчестер Юнайтед" ўйинида "канонирлар" 2:0 ҳисобида зафар қучди. Қизиқарлиси, баҳсдаги иккала гол ҳам бурчак зарбасидан урилди. Бу ҳолатга "қизил иблислар" сўнгги 10 йил ичида биринчи марта дуч келмоқда, дейди "Sky Sports". Лондон клуби эса ўтган мавсум бошидан бери бурчак зарбасидан 22 та гол уришга муваффақ бўлди. Бу борада улар Премьер-лигада пешқадам. 

"Арсенал" корнер пайтида фақатгина бир хил услубдан фойдаланаётгани йўқ. Баъзида, футболчилар ичкарида тартибсизликни келтириб чиқаришади, баъзида эса тўп кутилмаган жойга етказиб берилади. Аслини олганда, кеча МЮ иккитадан кўпроқ гол ўтказиши ҳам мумкин эди. 

Эътибор қилинг, мезбонлар орқароққа жойлашиб олишган ва Райс тўпга яқинлашиши билан ичкарига югуриб киришади.

 Ушбу вазият мана шундай хавфли ҳужум билан тугади. Бу ерда манчестерликларнинг омади келганини кўришингиз мумкин. Парти яхши зарба бера олмади ва тўп дарвозадан жой олгани йўқ. 

Гол урилган вазиятда ҳам "канонирлар" шу услубдан фойдаланишди. Улар тартибсизликни келтириб чиқариш билан бирга, Андре Онанага ҳам халақит беришни удаллай олишди ва Юрриен Тимбер ҳисобни очди. 

Иккинчи голда ҳам деярли шунга ўхшаш ҳолат. Фақат бу сафар Сака тўпни жуда ҳам юқоридан етказиб берди. Партини зарбасидан сўнг тўп Уильям Салибага тегиб голга айланди. 

Бурчак зарбаларидан унумли фойдаланишни "Арсенал"га Николас Жовер олиб киргани айтилмоқда. Микель Артетанинг ёрдамчиси бу бўйича алоҳида ишлаган ва ўз самарасини беряпти. Айни пайтда клуб турнир жадвалида "Челси" билан бир хил 28 очко тўплаган ҳолда 3-ўринда бормоқда. 

Лондон жамоасини олдинда катта ўйинлар кутиб тургани йўқ. Йил сўнггига қадар клуб "Фулхэм", "Эвертон", "Кристал Пэлас" каби жамоаларга қарши ўйнайди. Шундай экан, "Арсенал"да очко тўплаб олиш учун жуда қулай имконият юзага келмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!