"Андижон" устози Бухородаги ғалаба, янги бош ҳомий ва Хебайнинг тақдири ҳақида гапирди

“Андижон” клуби сафарда “Бухоро”га қарши учрашувда муҳим ғалабани қўлга киритиб, ашаддий мухлислариин хурсанд қилди.

Жамоа бош мураббийи Александр Хомяковнинг тўғри тактика ва таркиб танлагани ҳам якунда ғалабанинг бош омилига айланди. Беллашувдан сўнг андижонликлар устози ғалаба ҳақида гапирди.

- Қийин ўйин бўлишини билгандик. Турнирдаги вазиятдан келиб чиқиб анча машаққатли баҳсга айланишини олдиндан ҳис қилгандик. Рақибнинг ҳозирги ҳолати ва об-ҳаводан келиб чиқиб учрашувга ўзига хос тарзда тайёргарлик кўрдик. “Бухоро” уч марказий ҳимоячи билан ҳаракат қилди. Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан мана шундай жамоага қарши ўйнашимиз бироз қийин кечди. Баъзи жиҳатларда кеч қолдик. Ўйин марказида айрим ҳолатларда имкониятни рақибга бериб қўйдик. Иккинчи таймда ўзимизда куч топа олдик ва ўйинни назоратимизга олдик. Ҳужумларда яхши ҳаракат қилиб, гол уришга эришдик. Иссиқ жазирамада ўйнаш анча қийин бўлди. Гол урганимиздан сўнг ҳисобни ушлаб қолишга ҳаракат қилдик. Барчани – раҳбариятни, футболчиларни, администрацияни ғалаба билан табриклайман. Шу ўринда янги бош ҳомийимизни ҳам ғалаба билан алоҳида табриклайман. Умид қиламанки, жамоамизга бириктирилган янги бош ҳомий биз билан узоқ муддат самарали фаолият олиб боради. Бугунги ғалабадан жуда ҳам хурсандман.

хомяков30

- Шахсан сиз бугунги ғалабани кутганмидингиз?

- Албатта, мен бу ғалабани кутгандим ва ишонгандим. Катта куч билан ҳаракат қилдик. Чунки рақибимизга ҳам очко жуда зарур эди. Шу боис бизга жиддий қаршилик кўрсатишини аввалдан сезгандик. Умумий маънода айтсам, барчасидан қониқдим. Профессионал ёндашув, ўйинни ўз қўлига олиши – ҳаммасидан кўнглим тўлди.

- Жамоада йиғилиб қолган қарздорлик бартараф этилди, шундайми?

- Худога шукурки, раҳбариятимиз молиявий муаммоларни бартараф қилди. Янги бош ҳомийимиз, ҳокимият биргаликда жамоани қийин вазиятдан олиб чиқиб кетдилар. Ҳиссиётли ҳолатда бугун ёмон натижа кўрсатмаслигимиз керак эди ва биз бундай эътибордан сўнг албатта ғалаба қозонишимиз лозим эди. Яна бир марта йигитларга чуқур миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

хомяков янги1_5

- Рубин Хебай иккинчи даврада жамоада қоладими?

- Рубин Хебай билан амалдаги шартномамиз бор ва шартномага асосан раҳбарият ҳамма ишни тўлиқ бажаряпти. Шундай экан, у клубда қолади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!