"Андижон" устози чемпионат якунлари, янги мавсум режалари ва бошқа мавзулар ҳақида интервью берди
Бир йи олдин “Андижон”да бош мураббий сифатида иш бошлаган Александр Хомяков кутилганидек ўтган вақт давомида ишқибозларнинг меҳрини қозонди ва ишончни оқлай олди.
Жамоани меъмори сифатида Александр Андреевич рақобатбардош клубни шакллантиришнинг уддасидан чиқди. Ҳар доим олдига қўйилган вазифани муваффақиятли бажариш учун охиригача курашди ва футболчилардаги шижоатни ҳам кучайтирди.
Ҳозирги натижалар – бу тинимсиз меҳнат самарасидир. Биз эса Александр Андреевич билан чемпионат якунлари ва янги мавсум режалари хусусида суҳбатлашди.
- Александр Андреевич, 2023 йилги мавсум ҳам ниҳоясига етди. Жамоанинг иштирокидан қандай хулосалар чиқардингиз?
- Мен охирги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида шу мавзу юзасидан берилган саволга жавоб қайтаргандим. Жумладан, ўзимга тегишли масала юзасидан раҳбарият билан мавсум якунида гаплашиб олишимни айтгандим. Чемпионат якуни бўйича умумий хулосага келсак, мавсумни яхши ўтказдик, биргаликда астойдил меҳнат қилдик, деб ўйлайман. Тўғри, баъзида ўзимизга бўлган ишончни бироз йўқотиб қўйгандек таассурот қолдирган пайтларимиз ҳам бўлди.
- “Андижон” сафарда 5 маротаба ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. Бу натижа Ўзбекистон чемпионатлари тарихида энг яхшиси бўлди. Меҳмонда жамоа қўрқмасдан ўз ўйинини кўрсатгани албатта қувонарли. Бу борада нима деган бўлардингиз?
- Ростини айтсам, уйда ва меҳмонда қанча ўйинларни ютганимизни ҳам билмайман... Ҳар бир учрашувда зафар қучишга ҳаракат қилдик. Эҳтимол, руҳий томонлама кучли кўринмаган бўлишимиз мумкин. Шу боис кўпинча ўйинимизни тезкор қарши ҳужумга таянган ҳолда ташкил этдик. Бу айниқса сафар учрашувларида кўзга ташланди. Аммо қадрдон мухлисларимиз қаршисида эса бутунлай бошқача тўп сурдик. Яъни, рақибни ўзимизга бўйсиндириш пайида бўлдик.
- Чемпионатдаги энг ёқимли ва оғриқли ўйинлар қайси бўлди?
- Мен ўйинни мураббий сифатидаги қарашларимга кўра баҳолайман. Масалан, “Пахтакор” клуби билан кечган уй ўйинида майдонда зўр кўриндик, айниқса, ҳужумда. Лекин ҳимояда ҳам чакки эмас эканлигимизни намойиш эта олдик. Кўрган бўлсангиз, рақибларга дарвозамиз олдида хавфли вазиятлар юзага чиқариш имконини ҳам бердик. Албатта, эсласа оғриқ берадиган учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Яъни, баҳс давомида анчагача ҳисобда олдинда бориб, сўнгги паллада мағлубиятга ҳам учрадик. Албатта, биринчи даврада “Бунёдкор” ва кейин “Қизилқум”га қарши баҳсларни назарда тутяпман. Ўша беллашувларда ўзимизга ўхшаб кўринмадик.
- Адашмасам, йил давомида сизга энг кўп берилган савол Рубин Хебай билан боғлиқ эди. Унинг кейинги тақдири ҳаммани қизиқтиряпти...
- Хебайнинг амалдаги шартномаси бор. Агар клуб ва унинг ўзини тўла қаноатлантирадиган таклифлар бўлса, бу масалани ўрганиб чиқиш мумкин бўлади. Аммо, менга маълум бўлишича, ҳозиргача уни сотиб олиш таклифи билан бизга биров мурожаат қилганича йўқ.
- Жамоанинг янги мавсум учун тайёргарлик режаси қандай?
- Келгуси мавсум учун тайёргарлик ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, жамоа 3 январь куни Андижонда тўпланади. Футболчилар тиббий кўрикдан ўтказилади ва Тожикистонга йўл оламиз. У ерда январь охиригача қоламиз. Шунингдек, Туркияга сафар уюштириш ҳам кўзда тутилган. Февраль ўрталаригача ўша ерда бўлишимиз мумкин ва Андижонга қайтиб келамиз. Учинчи йиғин масаласини янги мавсум тақвими эълон қилинган кундан сўнг ҳал қилишга келишиб олганмиз. Менимча, охирги йиғинни Ўзбекистонда ўтказсак керак.
- Шунингдек, таркибдаги ўзгаришлар ҳам мухлисларни қизиқтиряпти. Янги мавсум олдидан қандай янгиликлар бўлиши мумкин?
- Келгуси мавсум учун кадрлар масаласини, таркибда юз берадиган ўзгаришлар хусусида ҳозир бир нима дейиш қийин. Чунки бунинг учун раҳбарият, ҳомийлар билан учрашиш керак бўлади. Ўша йиғилиш чоғида бюджет борасидаги масала ҳам кўриб чиқилади ва шундан кейин вазифалар ҳақида ҳам гаплашиб олиш мумкин.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар