"Андижон" ва "Динамо" сўнгги назорат баҳсида беллашишди

Бугун "Андижон" янги мавсум учун тайёргарлик жараёнидаги охирги ўртоқлик учрашувида иштирок этди. Олдин хабар берганимиздек, спарринг-рақиб “Динамо” клуби бўлди. Ўйин олдидан ёмғир ёғишни бошлади ва футболчилар учрашувни айнан ёмғир остида ўтказдилар. Лекин бу ҳолат жамоаларга у қадар ҳалақит қилгани йўқ. Дарвоқе, учрашув “Одил Жуниор” номидаги футбол академияси сунъий майдонида бўлиб ўтди.

Ўйин жуда қизиқарли ҳамда кескин ҳужумларга бой ўтди. “Андижон” футболчилари баҳс бошиданоқ ташаббусни ўз қўлига олиб, рақиб дарвозаси олдида бирин-кетин хавфли ҳужумларни уюштира бошлади. Футболчилар ўйиндан-ўйинга анча шаклланиб бораётгани бугунги беллашувда яққол кўринди ва албатта ижобий ҳолат.

Учрашув давомида гол уриш учун жуда қулай имкониятлар бўлди. Лука Згурский, Шерзод Эсанов, Фарҳод Соҳибжонов ва яна бошқа ўйинчиларимизнинг зарбалари жуда хавфли чиқди. Гоҳида дарвозабон маҳорат кўрсатди, яна баъзида дарвоза устуни уларни голдан сақлаб қолди. Айрим ҳолатларда эса тўп дарвозанинг шундоқ ёнгинасида ўтиб кетаверди.

Ҳа, "Динамо" жамоасида ҳам айрим ҳолатларда имкониятлар кўзга ташланди. Аммо ҳимоячилар ва дарвозабон ўз вақтида реакция кўрсата олдилар. Ёмғир ёғиб турганига қарамасдан футболчилар майдонда тиним билмадилар. Бу худди Суперлиганинг расмий мақомдаги ўйини каби кечди, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Қолаверса, учрашувни томоша қилиш учун бир қанча мутахассислар ҳам келишди. Чунки баҳс ўртоқлик мақомида бўлса-да, қизиқиш анчагина эди. Шунингдек, майдон эгаси, ЎФА биринчи вице-президенти Одил Аҳмедов ҳам ўйинни бевосита стадионда кузатиб борди.

“Андижон” матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
25/02/2024 20:21
Яхши кегинги у'йинда Андижондан галаба кутиб коламиз