Андижон ва Қўқонда янги йил тадбирлари

2018 йил ҳам ўрнини 2019 йилга бўшатиб бериб арафасида. Янги йил байрами яқинлашиб келаётгани сари ҳамманинг кайфияти ҳам шунга мос равишда байрамона тусга кириб бормоқда. Шу билан биргаликда йил якунлари бўйича байрам тадбирлари ўтказилиши ҳам одат тусига кирган. Андижонда ҳам янги йил байрамига бағишланган тадбирлар кенг равишда ўтказилмоқда. Маълумки, 2018 йилги мавсум якунларига кўра «Андижон» клуби про-лиганинг «А» гуруҳида ҳамма рақибларини ортда қолдириб 1-ўринни эгаллаган ҳолда Суперлигага йўлланмани қўлга киритди. Шу  маънода айтганда, жорий якунига етиб бораётган йил Андижон футболи учун ҳам ёрқин кўринишда бўлди ва эсда қоларли ширин хотираларга бой бўлди.

Ниҳоят, «Андижон» яна олдингидек рақобатбардош жамоага сифатида олдинга жиддий қадамлар ташлашни бошлади. Икки йиллик танаффусдан сўнг илк бор Суперлигага қайтгани туфайли андижонликлар кўтаринки кайфиятда ва бундан руҳланган жамоа аъзолари аллақачон янги мавсум учун катта режаларни ишлаб чиқишган. Буниси энди бошқа масала. Мавзудан узоқлашмаган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, 28 декабрь куни «Андижон» футбол клубининг Суперлигага йўл олгани муносабати билан янги йил байрами учун ўзига хос тарзда тантанали равишда тадбир бўлиб ўтди. Шаҳардаги «Андижон» тантаналар саройида ташкил этилган маросим анча сифатли ва ташкилий жиҳатдан ҳам юқори даражада ўтказилганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли бўларди. Одатда янги йил байрами арафасида аксарият клубларнинг мана шундай тадбирларни ўтказиши анаънага айланган. Лекин «Андижон» жамоасининг бундай пайтда байрам тадбирини охирги марта қачон ўтказганини очиғи эслай олмаймиз. Чунки бунга бирор бир жиддий сабаб ҳам топилмасди. Боиси, клуб қуйи лигага тушиб кетган бўларди ёки кучлилар орасида ўз ўрнини зўрға сақлаб қолган бўларди. Бу сафар эса ҳаммаси бошқача кўриниш олди. Ниҳоят, икки йиллик танаффусдан кейин андижонликлар яна кучлилар орасига қайтишга муваффақ бўлди. Шу боис жамоа аъзоларининг янги йил байрами учун ўйин-кулгу ўтказишларига мутлақо ҳақли эдилар. Шу маънода айтганда, «Андижон» жамоасининг ташкил этган байрам зиёфати жуда ажойиб ва ҳаммага манзур бўладиган даражада ўтди. Айтиш керакки, «Андижон» тантаналар саройига вилоят футболининг барча фаоллари жам бўлишди. Куй ва қўшиқлар, рақслар, хазил-мутойибага бой бўлган тадбир барча йиғилганларга ўзгача кайфият улашгани ҳам рост. Яқинда клубда иш бошлаган таниқли мутахассис Виктор Жалилов ҳам «Андижон»нинг ушбу тадбирида иштирок этганини таъкидлаш жоиз.

Янги йил байрами муносабати билан ўтказилган мазкур маросимда “Андижон” жамоасининг 2018 йилдаги энг яхшилари ҳам аниқланди. Унга кўра энг яхши дарвозабон Никита Рибкин, энг яхши ҳимоячи Илдар Маматказин, энг яхши ярим ҳимоячи Суннат Эрматов, энг яхши ҳужумчи Даврон Исоқов, энг яхши ёш футболчи Дониёр Абдуманнопов, энг чиройли гол муаллифи эса Нодир Мавлоновга насиб этди. Шу билан бирга энг яхши аёл футболчиси Ойгул Ёқубова ҳамда энг яхши болалар мураббийи деб Шакир Галимов эътироф этилди.

29 декабрь куни эса Қўқондаги “Баҳор-2” тантаналар саройида “Қўқон-1912” жамоасининг ҳам янги йил байрам тадбири уюштирилди. Қўқонликлар учун якунига етган мавсум икки хил таассурот қолдирди. Чемпионат давомида ёрқин ғалабалар ҳам, аламли мағлубиятлар ҳам бўлди. Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги жамоа кучли олтиликка кириш учун охиригача курашди, аммо озгина омад етишмагани туфайли қуйи олтиликда кураш олиб боришга мажбур бўлди. Шунга қарамай, Нўъмон Ҳасанов ўз жамоасини хотиржам равишда Суперлигада сақлаб қолди. Умуман олганда, қўқонликларнинг иштироки ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Таъкидлаш жоизки, жамоанинг янги йил байрами жуда самимий ва кўтаринки кайфиятда ўтказилди.  У ерда ҳам Қўқон футболининг фаоллари, жамоа аъзолари, раҳбарият, фахрийлар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Айтиш мумкинки, янги мавсумда “Қўқон-1912” жамоаси янада катта мақсадлар учун курашиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шуҳратбек Жўраев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!