"Андижон"да бироз устунлик бор, "Навбаҳор" Лушан бошчилигида бошқача ўйин кўрсатмоқда" ёхуд Ўзбекистон Кубоги финалига кимлар чиқади?
Бугун Ўзбекистон Кубоги ярим финал ўйинлари ўтказилади. Андижондаги “Бобур арена”да “Андижон” клуби “Сурхон”ни қабул қилса, Тошкентда ЖАРдаги стадионда “Пахтакор” - “Навбаҳор” қарама-қаршилиги кузатилади.
Бугун финалчилар номини билиб оламиз. Шубҳа йўқки, ҳар иккала учрашув “ёнади”. Қизиқиш юқори даражада. Барча жамоаларда финалга чиқиш истаги кучли. Айниқса, “Андижон” билан “Сурхон” илк бор бундай имкониятга эга бўлиб туришибди. Бу борада улардаги иштиёқ жуда баланд.
Ўзбек футболида мухлисларга яхши таниш бўлган, таниқли собиқ футбол юлдузи Жаъфар Ирисметов ярим финал олдидан иккала жуфтликдаги жамоаларнинг имкониятларини баҳолади.
“Андижон” – “Сурхон”
- Тўғрисини айтсам, “Андижон” ва “Сурхон” ярим финалда кутилмаган жамоалар, менимча. Агар чемпионат бошланмасидан олдин шу ҳақида айтишганида кўпчилик ишонмаган бўларди. Лекин улар ўз ўйинлари билан исботлаб ярим финалгача етиб келишди. Ярим финал учрашуви Андижонда ўтишини ҳисобга олсак, мезбонларда бироз устунлик бор. Аммо яқинда “Сурхон” Андижонга бориб мезбонларни ютиб келганди. Бу жуфтликда жуда қизиқарли ўйин бўлади, деб ўйлайман. “Андижон” клубида устунлик бироз кўпроқ эканлигини айта оламан. Бу жамоа ўз майдонида ўйнайди ва ашаддий мухлислари кўз ўнгида тўп суради. Имкониятлар 55\45. Жамоалар муносиб курашишади ва кучлироқ клуб финалга чиқади, деб ўйлайман. “Андижон” – “Сурхон” баҳсида ғолиб максимум қўшимча вақтларда аниқланиши мумкин.
“Пахтакор” – “Навбаҳор”
- Бу баҳсда кучлар тенг. Балки “Навбаҳор”ни таркиб жиҳатидан бироз кучлироқ деб ўйлайман. “Пахтакор” ўз майдонида ўйнаётгани ҳисобига кучлар тенглашади. Иккала жамоа ҳам финалга чиқишга ҳақли. Аммо бироз наманганликларнинг устунлиги бор. Бунинг устига ҳозирги пайтда “Навбаҳор” жамоаси Сергей Лушан бошчилигида бошқача ўйин кўрсатмоқда. Улар мазмунли футбол ўйнашяпти. Жамоада ўйин жиҳатидан ўзгариш бор. Боя айтиб ўтганимдек, таркиб жиҳатидан ҳам “Навбаҳор” кучлироқ. “Пахтакор” чемпионатнинг охирги турида Жиззахда “Сўғдиёна”ни ютиб ярим финалга яхши кайфиятда етиб келди. “Пахтакор” ва “Навбаҳор” ўртасидаги ўйинда барча масала асосий вақтда ҳал бўлади, деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар