"Андижон"да Виктор Жалилов спорт директори, Амет Мемет эса катта мураббий лавозимида иш бошлади

Жорий мавсум Про-лигада зафар қучиб Суперлига йўлланмасини қўлга киритган "Андижон" янги мавсумга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Клуб матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра жамоа раҳбарияти мураббийлар штабига тажрибали мутахассисларни жалб этган. Жумладан, мамлакатимизнинг кўзга кўринган мутахассисларидан бири ҳисобланган Виктор Жалилов «Андижон» футбол клубида спорт директори сифатида фаолиятини бошлади.

Ўз вақтида мураббий сифатида «Навбаҳор», «Машъал», «Пахтакор» сингари мамлакатимизнинг номдор жамоаларини бошқариб, сезиларли ютуқларни қўлга киритган Виктор Романович эндиликда бош мураббий Илдар Сакаевга селекция ишларида ёрдам беради.

Шунингдек бош мураббийга янги мавсумда яна бир таниқли мутахассис Амет Мемет яқиндан ёрдам берадиган бўлди. Ўз вақтида маълум муддат бош мураббий сифатида «Андижон»ни бошқарган Амет Абдуллаевич эндиликда катта мураббий лавозимида фаолият юритадиган бўлди. Бир неча йиллардан буён, Украинада истиқомат қилиб келаётган Мемет ҳозирда «Андижон»га юқори савиядаги легионерларни жалб этиш юзасидан иш олиб бораётганини таъкидлаш лозим. Тез кунларда Амет Мемет Андижонга ташриф буюради.

Маълумот учун «бургутлар» декабрь ойидаги ўқув-йиғин машғулотларини ўз қароргоҳида олиб боради. Жамоанинг янги мавсумга тайёргарлик режаси ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!