Шомуродовнинг голсиз ўйини қандай баҳоланди?
Элдор яхши ўйнади, лекин...
Статистик маълумотлар билан шуғулланувчи Flashscore портали тўққизинчи тур доирасида бўлиб ўтган турк Суперлигаси учрашувидан сўнг футболчиларга баҳолар қўйди.
Мазкур баҳоларга асос бўлган ўйинда Истанбул дербисида маҳаллий «Бешиктош» жамоаси ўз майдонида «Истанбул Башакшеҳир» футболчилари устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Эльдор Шомуродов ушбу баҳсни «Башакшехир» асосий таркибида бошлади ва 75 дақиқа майдонда тўп сурди. Шундан сўнг у Бертуғ Ўзгюрга алмаштирилди. Flashscore таҳлилий платформаси ўзбекистонлик форвард ҳаракатларини 6,2 баллга баҳолади.
Шомуродов майдонда бўлган вақт мобайнида рақиб дарвозаси томон икки марта зарба йўллади (кўзланган голлар кўрсаткичи — xG 0,08), тўпга жами 19 марта тегди, шулардан иккитаси рақиб жарима майдони ичида қайд этилди.
Элдор 12 узатманинг саккизтасини аниқ манзилига етказди (аниқлик — 67 фоиз), шунингдек, бир марта дриблинг уриниб кўрди, аммо бу ҳаракат муваффақиятсиз якунланди.
Истанбул дербидаги мағлубият «Башакшеҳир»га очколар захирасини ошириш имконини бермади. «Бешиктош» эса иккинчи бўлимда урилган икки гол ҳисобига уч очко қўлга киритиб, турнир жадвали юқори қисмидаги позицияларини мустаҳкамлаб олди.

Изоҳлар (0)