Андижондаги стадионга чим қаердан олиб келинмоқда?

Хабарингиз бор Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперлига жамоаларига янги мавсумда бир нечта қатъий талабларни қўйган. Шулардан бири майдон масаласидир.

Айни дамга келиб Андижондаги "Соғлом Авлод" стадионига чим ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. "Андижон" клуби вице-президенти Маъруф Абдисаломов SPORTS.uz муҳбири билан суҳбатда ушбу майсалар қаердан олиб келинаётгани ҳақида айтиб ўтди.

"Чим Голландия маҳсулоти ва Краснодарда ишлаб чиқарилади. Биз у ерга чим бўйича мутахассис билан бориб, ҳаммасини ўрганиб чиққан ҳолда энг яхшисини танладик. Аслида бундай чимларни Амстердамдан ҳам олиб келишимиз мумкин эди, аммо унда сарф-ҳаражатлар анча ортиб кетган бўларди. Краснодарда ҳам ўша Голландия чимлари борлиги сабабли ўша ердан олиб келяпмиз. «Краснодар» клуби ва академияларида ҳам ўша чимдан фойдаланишади. Режа бўйича 25 март кунига стадион фойдаланишга топширилади. 5 апрель куни эса ўз майдонимизда чемпионат доирасида 3-тур доирасида ўз майдонимизда «Локомотив» билан ўйнаймиз. Шу куни «Соғлом авлод» стадионида катта концерт дастури ҳам уюштирилади. Шаҳар эса байрамона кайфиятида бўлади. Вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов эса футболга шунчалик қизиқиб кетганки, ўзи ҳамма ишларимизда бош-қош бўлиб, вазиятни жиддий назорат қилиб бормоқда. Шу ўринда Шуҳратбек Қўшоқбоевичга Андижон футболига қараётган катта эътибори учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз", - дейди Маъруф Абдисаломов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!