Маъруф Абдисаломов:
Ads

Суперлигага қайтган «Андижон» жамоаси биринчилардан бўлиб ПФЛнинг талабларини бажарганлиги ташкилот томонидан алоҳида эътироф қилинди. Андижонликлар икки йил давомида қуйи лигада иштирок этишгани сабабли маҳаллий мухлислар катта футболни соғиниб қолишганди. Суперлиганинг мавқеи ошиб бораётгани боисдан «Андижон» клуби ҳам чемпионатда муносиб иштирок этиш учун ҳар томонлама тайёргарлик кўрди. Андижон футболини янада ривожлантириш учун вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи ташаббус кўрсатиб, катта ҳажмдаги ишларни амалга ошираётганини мухлислар кўриб туришибди. Айниқса, «Соғлом авлод» стадионида катта реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бунда эса вилоят ҳокимининг кўрсатаётган хизматлари катта. Шунинг учун ЎФА ҳам, ПФЛ ҳам Андижонда футбол учун олиб борилаётган ишларни юқори баҳолашмоқда. Шу баҳонада янгича қиёфа касб этаётган стадионда олиб борилаётган ишлардан ишқибозлар хурсанд. Энди шунга яраша «Андижон» жамоасидан ҳам чемпионатда муносиб иштирок этишларига умид қилишмоқда. Айтиш керакки, клуб раҳбарлари имкон қадар жамоани кучайтиришга ҳаракат қилишди. Мавсумга эса режа асосида тайёргарлик кўрилди. Ҳозирча «Андижон» стадионида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани учун 1-турдан ўрин олган «Андижон» - «Қизилқум» учрашуви Навоийга кўчирилди. Натижада 2019 йилги Суперлиганинг илк учрашувини ушбу жамоалар иштирокидаги ўйин очиб берди. Ушбу баҳсда эса кучлар тенг келди. «Андижон» клубида амалга оширилган ишлар хусусида эса жамоа вице-президенти Маъруф Абдисаломов билан гаплашдик. Аввало «Қизилқум»га қарши учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Биз Навоийга ғалаба қозониш учун боргандик. Футболчиларимизга ҳам фақат шуни асосий вазифа қилиб қўйгандик. Тўғри, сафардан бир очко билан қайтганимиз ёмон эмас. Аммо шахсан мени дуранг натижа қониқтирмади. Жамоамиз ғалаба қозониш учун яхши ўйнади дейишим мумкин. Айниқса, ҳужум чизиғида Рўзим Аҳмедовнинг кўзи «ёниб» турганини кўрдим. У мен кутгандан ҳам яхшироқ ўйнади. Шунингдек, жамоамиз сардори Илдар Маматказин ҳимояни ушлаб турди. Қолаверса, Шаҳзод Убайдуллаевдан ҳам умидимиз катта. У ва Дониёр Исмоилов ушбу мавсумда бизнинг кашфиёт футболчиларимиз бўлишади деган умиддаман.

- Мавсум бошланишига бир кун қолганида «Пахтакор»дан Дилшод Раҳматуллаевнинг қўшиб олинганлигини ҳеч ким кутмаганди. Шу ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Биз Дилшод Раҳматуллаевни анча олдин кўз остимизга олиб қўйгандик. Уни трансфер ойнаси ёпилишига ярим соат қолганида жамоамизга қўшиб олдик. Барибир ушбу ўйинчи учун қилган ҳаракатларимиз зое кетмаганидан хурсандмиз. Бундан ташқари, «Пахтакор»дан Баҳром Абдураҳимовни ҳам қайтармоқчи эдик. Аммо бу трансфер ўхшамади. Дилшод Раҳматуллаевни ўйинга бир кун қолганида трансфер қилганимиз учун уни «Қизилқум» билан учрашувда майдонга туширмадик. У кейинги ўйинларда бизга ёрдам бера олади. Раҳматуллаев жамоамиз ўйинини кучайтиришига шубҳа йўқ.

- Умуман олганда, селекция ишларидан қанчалик қониқиш ҳоси қилдингиз?

- 70 фоизга қониқдим десам ҳам бўлади. Биз таркибга янги футболчиларни таклиф қилишда номларга эътибор қаратмадик. Асосан меҳнатсевар, жамоа учун жон куйдира оладиган ўйинчиларни излаб топдик. Масалан, бунгача Туркияда ўйнаб келган Асрор Ғофуровни ҳам олиб келганимиз яхши бўлди. У ҳам жамоамиз ўйинини кучайтиради. Биз таркибга таклиф қилган ўйинчиларимизни айнан юқорида айтган ҳислатларига эътибор қаратдик. Шунингдек, ўзимизга керакли легионерларни ҳам жалб эта олдик. Масалан, Қирзиғистон терма жамоаси билан Осиё Кубогида яхши қатнашган Аҳлиддин Исроилов ҳам биз учун ажойиб танлов бўлди. У «Андижон» учун бор имкониятини ишга солишга тайёр. Сербиялик Радослав Алексич ҳам жамоамизни кучайтиради. Фақат «Қизилқум» билан учрашувга тўлиқ тайёр бўлмагани учун майдонга тушгани йўқ.  Ишонаманки, биз ушбу таркиб билан ўз олдимизга қўйилган вазифани бажара оламиз.

- Ундай бўлса айтинг-чи, «Андижон» янги мавсумда қандай вазифа учун курашади?

- Биз янги мавсумда Андижон халқини ўз ўйинларимиз ва ғалабаларимиз билан хурсанд қилмоқчимиз. Суперлигага бежизга чиқмаганимизни исботлашимиз керак. Шу боис биз янги мавсумда 5-6-ўринлар учун кураш олиб борамиз.

- Шунингдек, қишки мавсумда жамоада икки нафар мутахассис – Виктор Жалилов билан Амет Меметнинг иш бошлаганлиги ҳақида маълумот берилганди ва ҳаттоки, Жалилов Андижонга келиб ўз ишини бошлаганди. Аммо кейинчалик иккаласи ҳам клубда кўринмай қолишди. Улар билан боғлиқ қандай вазият юз берди?

- Амет Меметнинг дадаси оғир бетоб бўлиб қолган экан, аслида у билан келишиб қўйгандик ва жамоамизда ишлашга тайёр эди. Лекин дадаси туфайли яна Қримга кетишга мажбур бўлди. Албатта, у вазият ўзгарса қайтиб келишини  айтганди, аммо биз кўп вақт кутиб тура олмасдик. Бош мураббийимиз Элдор Сакаев аллақачон ишни бошлаб юборганди. Виктор Жалилов масаласига келсак, у ҳам ўзига яраша обрўли ва яхши мутахассис, ҳурмат қиламиз. Бироқ дангал айтадиган бўлсам, Виктор Романович билан келиша олмадик.

- Шунингдек, стадионда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги пайтда реконструкция ишлари қайси нуқтасига етиб келди?

- Чиндан ҳам «Соғлом авлод» стадионида катта ишлар бажариляпти. Ўриндиқлар деярли ўрнатиб бўлинди. Энди асосий ишимиз майдон чимини ётқизиш қоляпти. Шу кунларда чим Андижонга етиб келади.

- Майдонни чими қаердан олиб келиняпти?

- Чим Голландия маҳсулоти ва Краснодарда ишлаб чиқарилади. Биз у ерга чим бўйича мутахассис билан бориб, ҳаммасини ўрганиб чиққан ҳолда энг яхшисини танладик. Аслида бундай чимларни Амстердамдан ҳам олиб келишимиз мумкин эди, аммо унда сарф-ҳаражатлар анча ортиб кетган бўларди. Краснодарда ҳам ўша Голландия чимлари борлиги сабабли ўша ердан олиб келяпмиз. «Краснодар» клуби ва академияларида ҳам ўша чимдан фойдаланишади. Режа бўйича 25 март кунига стадион фойдаланишга топширилади. 5 апрель куни эса ўз майдонимизда чемпионат доирасида 3-тур доирасида ўз майдонимизда «Локомотив» билан ўйнаймиз. Шу куни «Соғлом авлод» стадионида катта концерт дастури ҳам уюштирилади. Шаҳар эса байрамона кайфиятида бўлади. Вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов эса футболга шунчалик қизиқиб кетганки, ўзи ҳамма ишларимизда бош-қош бўлиб, вазиятни жиддий назорат қилиб бормоқда. Шу ўринда Шуҳратбек Қўшоқбоевичга Андижон футболига қараётган катта эътибори учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Минбар

Барча блоглар