"Андижон"ни илҳомлантирган голга Илҳомнинг реакцияси қандай бўлди?

“Андижон” клуби Суперлиганинг 11-турида “Қизилқум”га қарши баҳс олиб борди. Оғир ўтган баҳсда андижонликлар 2:0 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритиб, ўз ҳисобига 3 очкони ёздириб қўйди.

Ўша учрашуда биринчи голни ҳимоячи Илҳом Алижонов стандарт вазиятдан кейин дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Охирги пайтларда ўз ўйинини кучайтиришга эришган бу футболчи “Андижон”нинг ғалабасига муносиб ҳиссасини қўшди.

Алижонов “Қизилқум”га қарши  учрашув ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

Учрашув тўғрисида

- Ўйиндан олдин ҳам учрашув қанчалик муҳимлигини яхши билардик. Айниқса, ҳар иккила жамоа учун очколар ниҳоятда зарурлигини ҳис қилиб тургандик. Бу биз кутгандан ҳам қийин ўтди. Мана шу оғир кечган ўйинда матонат кўрсатиб ғалаба қозондик.

алижонов

Илк голи

- Тўғри, “Андижон”да ўтган йилдан бери тўп сураётган бўлсам бу ердаги дебют голим бўлди. Бундан олдин ҳам иккита вазият бўлганди, голга айлантира олмагандим. Мана, учинчи вазиятда гол урдим. Бу голимиз жамоавий ва машғулотларда ишланган усул эди ва ўйинда ҳам ижобий таъсирини кўрсатди.

алижонов4

Мураббийнинг кўрсатмаси

- Албатта, ҳимоячимиз. Мураббийнинг бизга қўядиган биринчи талаби ҳимояда ишончли ўйнаб дарвозамиз даҳлсизлигини таъминлаш, бу энг асосийси. Кейин кучимиз етса ҳужумга қўшилиб, олдинги чизиқдагиларга ёрдам берамиз. Шунингдек, ҳужум қилган пайтларимизда стандарт вазиятларда ҳам мураббий бизга ишонч билдирган. Ҳар бир учрашувда ана шундай стандартлардан фойдаланишимизни мураббий умид қилади. Худога шукр, менга билдирган ишончини оқладим.

алижонов3_1

10 та ўйиндаги натижалар хусусида

- Тўғри, жамоамиз 10 та ўйинда 4 та ғалаба қозонди ва 6 та мағлубиятга учради. Биласиз, ўтган йили про лигада ўйнаб у ерда ғолибликни қўлга киритдик. Суперлигага қайтганимиздан сўнг таркибимизга легионерлар қўшилди. Янги мураббий келди. Жамоамиз ўз ўйинини топиб боряпти. Ўйинимиз яхши шаклланиб, ривожланяпти. Бундан кейин ҳам ғалабалар қозонишда ва мухлисларимизни хурсанд қилишда, ўсишда давом этамиз. Бизни қўллаб-қувватлаб турган жонкуяр ишқибозларимизга миннатдорчилик билдираман.

Шуҳратбек Жўраев.    

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
24/05/2023 14:57
Яшанг Илх,омжон ишлариз илгари бу'лсин