"Андижон"нинг чорак финалга чиқиши учун биргина гол етарли бўлди ёхуд "Жар" стадионидаги ўйин ҳақида
Суперлиганинг биринчи давра учрашувлари якунлангач, навбат Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал баҳсларига етиб келганди. “Андижон” чемпионатдан ташқари Кубок мусобақасида ҳам иштирокини давом эттираётганини биласиз. Қуръага кўра, “Бургутлар” Тошкентда “Олимпик” жамоасига қарши беллашди.
Ўйиндан аввал "Андижон" футболчиси Фарҳод Соҳибжонов бироз бетоб бўлиб қолганлиги сабабли учрашув қайдномасига киритилмади. Улар меҳмонда ўйнаётганига қарамай, андижонлик мухлисларнинг Тошкентдаги “Жар” стадионида фаол қўллаб-қувватлаши натижасида жамоа худди уйда ўйнаётгандек бўлдилар.
Кубокда ҳам ўз олдига жиддий мақсад қўйган “Андижон” “Олимпик”га қарши ўйинда ўзи учун ижобий натижани қайд этиш илинжида курашди ва якунда ўз мақсадига эришди.
Учрашув тақдирини биргина гол ҳал қилди. Биринчи бўлимда иқтидорли ҳужумчи Рустам Турдимуродов Илҳом Абдуғаниевнинг пасидан кейин жарима майдони ичида дриблингини намойиш қилган ҳолда ўзининг чиройли зарбаси билан ҳисобни очди. Голдан кейин ҳам “Андижон”да яна имкониятлар бўлди. Айнан Турдимуродовнинг пасидан кейин Бектемир Абдуманнонов иккинчи голни уриш учун қулай вазиятга эга чиққанди. Бироқ якуний паллада дарвозага яқин жойдан унинг зарбаси бироз юқоридан ўтиб кетди.
“Олимпик” жамоаси иккинчи бўлимда кўпроқ ҳужум қилган ҳолда вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилди. Бироқ “Андижон” аъзолари мураббийлар томонидан берилган кўрсатмаларни тўғри бажаришгани учун ғалабани сақлаб қолдилар. Албатта, қарши ҳужумларда “Бургутлар”да ҳам имкониятлар бор эди. Ўйиндан кейин матбуот анжуманида Артём Петросян айтганидек, муҳими натижа ва “Андижон” Ўзбекистон Кубоги мусобақасида чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
“Олимпик” – “Андижон” – 0:1 (0:1).
4 июль. Тошкент. “Жар” стадиони. 648 томошабин.
Ҳакамлар: Олим Тўйчибоев, Андрей Цапенко, Тимур Гайнуллин
Захира ҳаками: Шавкат Насибуллаев
ВАР: Найим Қосимов
АВАР: Руслан Серазетдинов
Назоратчи: Набижон Рўзимов
Комиссар: Шерзод Ражабов
“Олимпик”: Эдем Неманов, Нодирбек Абдуҳолиқов, Асадбек Жўрабоев, Муҳсин Бозоров (Самандар Қодиров, 64), Шахзод Тоиров, Муҳаммадазиз Иброҳимов, Риан Исламов (Фарруҳ Мухторов, 64), Акбар Абдирасулов, Аҳмадилло Муқимжонов, Муҳаммадбобур Мўйдинов, Отабек Жўрақўзиев.
“Андижон”: Элдор Адҳамов, Абдураҳмон Комилов, Ислом Маматказин, Владимир Бубанья, Абдувоҳид Ғуломов, Леван Арвеладзе, Илҳом Абдуғаниев (Суҳроб Бердиев, 82), Сардор Азимов (Суннатилла Абдуллажонов, 82), Шерзод Эсанов (Муҳаммадкарим Тоиров, 67), Бектемир Абдуманнонов (Шахром Самиев, 67), Рустам Турдимуродов (Илҳом Алижонов, 89).
Гол: Рустам Турдимуродов, 30 – 0:1.
Огоҳлантиришлар: Аҳмадилло Муқимжонов, 18. Акбар Абдирасулов, 89 - Леван Арвеладзе, 48. Шерзод Эсанов, 54. Владимир Бубанья, 58. Ислом Маматказин, 83.
Фикрлар