"Андижон"нинг Наманганда қўлга киритган тарихий ғалабаси ҳақида Ёрқин Назаров нима деди?
Суперлига 12-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Андижон” учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар устози Ёрқин Назаров қатнашди.
- Биринчи навбатда, бугунги ғалаба мухлисларимиз учун совға бўлди. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, йигитлар топшириқларимизни ўз ўрнида бажаришди. “Навбаҳор”нинг сўнгги иккита ўйинини таҳлил қилиб, шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Футболчиларимиз катта куч ишлатишди, ҳатто захира алмаштиришларини қилишга ҳам улгурмадик. Йигитларга раҳмат, - дейди Ёрқин Назаров.
Ҳакамларга эътирозим йўқ. “Навбаҳор” томонига бироз ён босиш кузатилган бўлса-да, эътирозим йўқ.
Бугун сариқ карточкаларимиз кўп бўлди, лекин биз эмас, “Навбаҳор” футболчилари қўполроқ ўйнашди. Қизил карточкага тортадиган вазият ҳам бўлди, лекин ҳакам “Навбаҳор” футболчисини четлатмади.
Вақт чўзишлар кузатилди, лекин асосийси, ғалаба қозондик. Яхши ўйнаб, “Пахтакор” ва АГМКга ютқаздик. Менга қолса, бугунгидек ўйнаб, ғалаба қозонишимиз муҳимроқ.
Ёзги трансфер ойнасида футболчи олишимиз керак. Бугун ҳам захирадан ўйинчи туширолмадик. Суперлига ва про-лига жамоаларидан футболчи оламиз, айрим ўйинчиларни кузатяпмиз. Раҳбарият рухсат берса, харидларни амалга оширишимиз керак, таркибда рақобатбардошликни оширишимиз шарт, - дея фикрларини якунлади Ёрқин Назаров.
"Навбаҳор" матбуот хизмати.
Фикрлар