"Андижон"нинг Туркиядаги яна бир спарринг-рақиби аниқланди
2024 йилги футбол мавсумига тайёргарлигини босқичларга бўлиб чиққан ҳолда унинг дастлабкисини қўшни Тожикистонда олиб бораётган “Андижон” жамоаси режага асосан йиғинини бир маромда давом эттиряпти.
Олдин хабар бериб ўтганимиздек, “Бургутлар”нинг Тожикистондаги йиғини 19 январга қадар давом этади ва 24-санада тайёргарликнинг навбатдаги босқичи учун Туркиянинг Анталия шаҳрига йўл олади. У ерда бир қатор хориж клубларига қарши халқаро ўртоқлик учрашувлари ўтказилади.
Бизни кузатиб бораётган зукко мухлислар биладиларки, клубнинг Анталиядаги рақиблари хусусида маълумотлар тақдим этиб келмоқдамиз. Бу сафар яна бир рақиб аниқ бўлганини маълум қилмоқчимиз.
12 февраль куни “Андижон” Руминиянинг “Корвинул Хунедоара” жамоасига қарши майдонга тушади. Маълумот учун бу клуб Руминияда лига-2 да иштирок этади ва ҳозирда 20 та клуб орасида 31 очко билан мусобақа жадвалида 2-ўринда боряпти. “Корвинул Хунедоара” Руминия Кубогида ўз юришини давом эттиряпти. Клуб ўз гуруҳида етакчи бўлди ва энди 1\4 финалда “ЧФР Клуж”га қарши майдонга тушади. Жамоага эса 41 ёшли маҳаллий мутахассис Флорин Максим бош мураббийлик қилмоқда.
“Андижон”нинг ундан олдинги рақиби ҳам Руминиядан бўлиб, айнан лига-2 қатнашчиси "CSC 1599 Селимбар" эди. Қизиғи, ушбу клуб чемпионатда пешқадамлик қиляпти. Демакки, лига-2 нинг дастлабки икки ўрнини эгаллаб турган клублар жамоамизнинг спарринг-рақибига айланадилар.
Эслатиб ўтамиз, бунгача “Андижон”нинг Жанубий Корея олимпия терма жамоаси (27 январь), ЦСКА (Россия, 1 февраль), "Черноморец" (Украина, 4 февраль), "CSC 1599 Селимбар" (Руминия, 4 февраль) ҳамда "Александрия" (Украина, 12 февраль)га қарши ўртоқлик учрашувлари бўлиб ўтиши тўғрисида хабар бергандик. Энди уларнинг орасида 12 февраль санасида “Корвинул Хунедоара”га қарши беллашув ҳам қўшилди. Режа бўйича Анталияда 7 та учрашуви ўтказилиши белгиланган ва уларнинг олтитаси маълум бўлиб улгурди.
Фикрлар