"Андижон"нинг янги легионери: "Ишончим комилки, бу қарорим муваффақиятли бўлади"
Бу йилги мавсумда “Андижон” шарафини ҳимоя қиладиган янги футболчилардан бири, грузиялик легионер Александр Андроникашвилининг фаолиятида шубҳасиз янги саҳифа очилмоқда.
Тез орада клуб таркибига қўшиладиган ушбу ўйинчи клуб матбуот хизматига дастлабки интервьюсини берди.
- “Андижон” клубига ўтишингиз қандай юз бергани ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Биласизми, ҳаммаси жуда тез ва кутилмаганда содир бўлди.
- Адашмасам, сиз “Дила” жамоаси билан иккита соврин ютдингиз. Энди “Андижон” билан ҳам бирга соврин ютишни хоҳлаётгандирсиз-а?
- Ҳа, 2025 йил бу борада муваффақиятли бўлди. Мен “Андижон” билан максимал мақсадлар учун курашиш борасида қўлимдан келадиган ҳамма нарсани қиламан.
- Фаолиятингизда илк бор легионер сифатида четда тўп сурасиз. Бунгача нега легионерга айланмагансиз?
- Илгари ҳам вариантлар бор эди. Лекин мен тўғри вақтни ва тўғри танлов учун жамоани кутаётгандим. Ишончим комилки, бу қарорим муваффақиятли бўлади.
- Ўзбек футболи ва хусусан “Андижон” ҳақида нималарни билардингиз?
- Ўзбекистонда футболни жуда яхши кўришларини эшитдим. “Андижон”га келсак, уларнинг ўзгача мухлислари борлигини биламан.
- “Андижон” клубидан таклиф ҳақида эшитганингизда илк фикрингиз қандай бўлди?
- Менга кўп нарсалар ёқди. Аввало, мураббий, мухлислар, машғулот базаси ва стадион.
- Янги жамоада қайси рақамда ўйнашни хоҳлайсиз?
- Бу унчалик муҳим эмас. Лекин 6-рақам яхши бўларди. Чунки мен бу рақам билан муваффақиятли мавсумларни ўтказдим.
- Яна бир грузиялик футболчи - Ашортиа ҳам “Андижон”да тўп суради. У билан ҳам гаплашдингизми?
- Ҳа, албатта. Мен у билан гаплашдим ва Ўзбекистонда ўйнаш тажрибасига эга бўлган грузин жамоадошимга эга бўлиш жуда ёқимли.



Фикрлар