Андрей Фёдоров: "Ал Иттиҳод"нинг 13-ўринда эканлиги ҳеч нарсани англатмайди
“Темирйўлчилар” Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида “Ал Иттиҳод” меҳмони бўлишади. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида иштирок этган “Локо” бош мураббийи Андрей Фёдоров рақиб кучига юқори баҳо берди.
“Ҳаммага салом. Ушбу шаҳарда бўлиб турганимиздан жуда мамнунмиз. Эртага бизни чиройли ўйин кутмоқда деб ўйлайман. Гарчи учрашув мухлисларсиз ўтса-да, телевизорда кўрадиган томошабинлар зерикиб қолишмайди деб ўйлайман. Осиё чемпионлавр лигаси нуфузли турнир, шу боис бунда иштирок этаётган ҳар бир жамоа навбатдаги ўйинини ютишни хоҳлайди. Шу жумладан биз ҳам”, – дея фикр билдирди Андрей Витальевич.
“Ал Иттиҳод”нинг ички чемпионатда ишлари юришмаяпти. Бу “Локомотив” фойдасига хизмат қиладими? “Рақиб ҳақида етарлича маълумотга эгамиз. Саудия Арабистони чемпионати Осиёда энг етакчилардан бири ҳисобланади. Бу ерда чемпионат савияси жуда юқори. Тўғри, ҳозирда “Ал Иттиҳод” ўзига ярашмаган ўринда боряпти (13-ўрин), лекин бу ҳеч нарсани англатмайди деб ўйлайман. Чунки Саудия чемпионати билан Осиё чемпионлар лигаси бутунлай бошқа-бошқа мусобақа ва бу икки мусобақани ўзаро таққослаш керак эмас”, - деб Фёдоровнинг сўзларини келтириб ўтди "Локомотив" расмий сайти
Фикрлар